add

Самарқандда қўлбола пиротехника тайёрлаган ўсмирлар ушланди

Бугун 15:152472 дақиқа

Улар қўлбола пиротехника воситаларини тайёрлаб, сотиш билан шуғулланган.

Самарқандда қўлбола пиротехника тайёрлаган ўсмирлар ушланди

Самарқанд вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида қўлбола усулда тайёрланган пиротехника воситаларини ясаш ва ноқонуний сотиш билан шуғулланган ўсмирлар аниқланди.

Маълум қилинишича, 2008 йилда туғилган шахс харидорга 10 дона қўлбола пиротехника воситасини 250 минг сўмга, шунингдек, ярим литрлик елим идиши асосида тайёрланган бир дона пиротехника воситасини 600 минг сўмга сотиш вақтида қўлга олинган. Ушбу ҳолат тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.

Тезкор тадбирлар давомида ўсмирнинг яшаш манзили кўздан кечирилиб, у ердан елим идиш қопқоқларидан ясалган 22 дона ҳамда елим тасмага ўралган 6 дона, жами 28 та қўлбола пиротехника воситаси аниқланган. Шунингдек, 200 грамм олтингугурт моддаси ҳам далилий ашё сифатида мусодара қилинган.

Сўроқ давомида ушбу фуқаро 2009 йилда туғилган таниши ҳам пиротехника воситаларини тайёрлаш билан шуғулланишини маълум қилган. Унинг уйи текширилганда, 17 дона қўлбола ясалган тақиқланган воситалар ҳамда келгусида ишлаб чиқариш учун мўлжалланган турли мосламалар борлиги аниқланиб, расмий тарзда олинган.

Яна бир ҳолатда эса Самарқанд шаҳрида яшовчи 2009 йилда туғилган ўсмир икки нафар танишига 5 дона қўлбола пиротехника воситасини сотиш вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Шу билан бирга, унинг танишига тегишли новвойхонадан 31 дона шундай восита ҳамда уларни тайёрлашда қўлланилган модда ва буюмлар топилган. Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистонда йил бошидан бери 7 миллиондан ортиқ пиротехника мусодара қилинган.

Теглар

Мавзуга оид