
Самарқандда Шавкат Мирзиёев ва Словакия президенти музокара ўтказди
Ўзбекистон ва Словакия президентлари стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.

30 октябр куни Самарқанд шаҳрида UNESCO Бош конференциясининг 43-сессияси доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Словакия президенти Петер Пеллегрини музокара ўтказди. Бу ҳақда Президент матьуот хизмати хабар берди.
Мазкур музокарада Ўзбекистон билан Словакия ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб жиҳатлари кўриб чиқилди.
Таъкидланишича, барча даражаларда икки томонлама алмашинувлар ижобий суръат билан давом этаётгани, шунингдек, устувор йўналишларда ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
2025 йилда сиёсий маслаҳатлашувлар ва Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши муваффақиятли ўтказилди. Ишбилармонлик алоқалари фаоллашди. Қўшма корхоналар сони уч баробар кўпайди.
Шунингдек, товар айирбошлаш ва инвестицияларнинг ҳажмини ошириш ҳамда муҳим тармоқларда саноат кооперацияси лойиҳаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистондан тўқимачилик, чарм, мева-сабзавот ва бошқа харидоргир маҳсулотлар, Словакиядан каучук, автомобиллар учун бутловчи қисмлар, фармацевтика ва бошқа саноат товарлари етказиб беришни кўпайтиришга келишиб олинди. Шу мақсадда миллий маҳсулотлар кўргазмаларини ўтказиш, савдо уйларини очиш режалаштирилган.
Рақамлаштиришни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, банкларнинг киберхавфсизлик мониторингини юритиш ва юк ташишларни кузатишнинг илғор тизимларини жорий этиш бўйича қўшма марказ ташкил қилиш масаласини ишлаб чиқиш таклиф қилинди.
Словакия бизнеси билан автомобиль бутловчи қисмлар, тайёр сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрлик билдирилди.
Гуманитар ва таълим алмашинувларини фаоллаштириш истиқболлари кўриб чиқилди. 2026 йилда Братислава шаҳрида икки мамлакат ректорларининг биринчи форумини ўтказиш, туризм кўргазмалари ва ўзаро Туризм кунларини ташкил этиш таклиф қилинди. Тартибли меҳнат миграциясини йўлга қўйиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Имом Бухорий мажмуасига ҳамда Ислом Каримов мақбарасига ташриф буюргани ҳақида хабар қилганди.





