Самарқандга 11 триллион сўм йўналтириляпти

Ҳажми жиҳатидан бу миқдордаги маблағ ҳар қачонгидан кўра кўпроқ.

Самарқандга 11 триллион сўм йўналтириляпти

Самарқанд вилоятига барча манбалар ҳисобидан 11 триллион сўм йўналтирилмоқда. Тадбиркорларга кредит учун яна 18 триллион сўм ресурс берилмоқда. Бу ҳақда бугун, 18-март куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида Нарпай туманида ўтаётган Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича йиғилишда маълум қилинди.

«Биз Ватанимиз куч-қудратини ошириш, ҳар бир оила ва ҳар бир инсоннинг ҳаётини яхшилаш бўйича янада катта марраларни олганмиз. Бугун ҳудудларда амалга оширилаётган ишларни кўриб, бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.

Айни пайтда шуни яхши англашимиз керак, энди кечаги ҳаракат бугунга, бугунгиси эса эртанги кун талабига камлик қилади. Шу боис, белгилаб олган марраларга эришиш учун янада самарали ҳаракат қилишимиз зарур», – деди давлат раҳбари.

Самарқанд ишсизлик, камбағаллик, инвестиция, экспорт масалалари, умуман, барча соҳада намунавий вилоят бўлиши шартлиги қайд этилди. Вилоятда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун 100 миллион доллар, Ургут туманининг ўзига яна 50 миллион доллар ажратилди. Умуман, вилоятга барча манбалар ҳисобидан 11 триллион сўм йўналтирилмоқда. Тадбиркорларга кредит учун яна 18 триллион сўм ресурс берилмоқда.

Ҳажми жиҳатидан бу миқдордаги маблағ ҳар қачонгидан кўра кўпроқ эканлиги кўрсатиб ўтилди.

Буларнинг барчаси туманларда ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, пировардида вилоят иқтисодиётини ўстиришга хизмат қилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

1-майга қадар Нарпай ва Термизда янги тизим ишга тушади

Ўтган йили сунъий интеллект инфратузилмасига 100 миллион доллар, ушбу соҳадаги стартап лойиҳалари учун яна 100 миллион доллар берилди. Бу катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш орқали ҳудудларни ривожлантириш бўйича энг тўғри ечимларни топиш учун янги имконият экани таъкидланди.

Шуларни ҳисобга олиб, туманларнинг саноат, сервис, қишлоқ хўжалиги кўрсаткичлари, ер ости ва ер усти захиралари, меҳнат ресурси, аҳолининг бизнес ва касбий кўникмасини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиш, маҳаллаларнинг имкониятлари асосида туманни ривожлантиришнинг ички моделини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Ушбу таҳлиллар асосида туман ҳокими, «маҳалла еттилиги», маҳалла банкирлари ресурсларни энг кўп иш ўрни яратадиган ва бюджетга тушумни кўпайтирадиган лойиҳаларга йўналтиради. Бу тизим 1-майга қадар Нарпай ва Термиз туманларида бошланиб, бутун республика учун намуна қилинади.

Вилоятда 100 минг аҳолини доимий ишли қилиш зарур

Самарқанд вилояти раҳбарияти олдида камида 9 фоизли иқтисодий ўсиш қилиб, ялпи ҳудудий маҳсулотни 144 триллион сўмдан ошириш, 3 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этиб, экспортни 1,2 миллиард долларга олиб чиқиш вазифаси тургани қайд этилди.

100 минг аҳолини доимий ишли қилиш, 31 минг оилани камбағалликдан чиқариб, вилоятни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Масалан, Нарпай туманида 240 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Ишсизлик 4,9 фоизни, камбағаллик даражаси эса 5 фоизни ташкил қилмоқда. Нарпай саноат бўйича вилоятда 9-ўринда, қишлоқ хўжалиги ва сервис соҳасида 11-ўринда туради. Бу кўрсаткичларни яхшилаш учун Нарпайга режа қилинган 150 миллиард сўмга қўшимча яна 100 миллиард сўм берилади. Кичик ва ўрта бизнес учун 360 миллиард сўм ресурс ажратилади.

Нарпайда 500 миллион долларлик лойиҳалар бошланади

Нарпай туманида 100 гектарда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат зонаси ташкил қилиниши эълон қилинди. У ерда жорий йилнинг ўзида 500 миллион долларлик лойиҳалар бошланади.

Мутасаддиларга сунъий интеллект ёрдамида ҳар бир маҳалла имкониятини «диагностика» қилиш, «ўсиш нуқталари»ни аниқлаб, туманни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш, даромадни кўпайтириш бўйича Нарпай тажрибасини яратиш топширилди.

Шунингдек, Нарпай қулупнайчилик мактаби ташкил этилиб, тумандаги 25 та маҳалла қулупнайчиликка ихтисослаштирилади.

Қўшработда узум етиштирилади

Президент Қўшработ туманига алоҳида тўхталиб ўтди. Туманнинг тадбиркорлик инфратузилмасини яхшилаш учун 60 миллиард сўм ажратилмоқда.

«Оқтепа» ҳудудидаги 5 та маҳаллада 3 минг хонадон узум етиштириш билан шуғулланади. Шунингдек, «Оқчопсой» ҳудудида ўрмон фондидаги 700 гектар ер бўш турибди.

Туман раҳбарларига ушбу имкониятлардан унумли фойдаланиш, жорий йилда 300 гектарда «ин-витро» узумзор, 800 гектарда интенсив токзор ташкил этиш, 3,5 минг гектар узумзорни шпалерга ўтказиш, 18 та маҳалла аҳолисини узумчиликка ўргатиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Каттақўрғон туманидаги имкониятлар кўриб чиқилар экан, туманнинг инфратузилма бор жойларидаги 12 та трактор паркини 8 гектар ери бўш тургани, «Бўстон-1» насос станцияси таъмирланса, 1 минг гектарда сув таъминоти яхшиланиши кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, ҳокимлик захирасидаги 830 гектар пахта ва ғалла ери 3-4 ойдан бери аукционда тургани, бу ерларни одамларга қулай шартларда таклиф қилиш мумкинлиги қайд этилди.

Вилоятга 500 электробус олиб келинади

Умуман, Нарпай, Қўшработ, Каттақўрғон, Пахтачи туманлари, Каттақўрғон шаҳрининг вилоят саноатидаги жами улуши бор-йўғи 10 фоизни ташкил қилаётгани кўрсатиб ўтилди.

Уларда саноатни ривожлантириш бўйича дастур қилиниб, 1 триллион 200 миллиард сўм ажратилади. Бу маблағларнинг 800 миллиард сўми саноат лойиҳаларини зарур инфратузилма билан таъминлашга, қолган 400 миллиард сўми йўл, сув, электр таъминотини яхшилаш, сервис ва реновация лойиҳаларига йўналтирилади.

Ушбу маблағ доирасида Каттақўрғон шаҳридан 40 километр масофадаги Ингичка шаҳарчасига саноат ва «Янги Ўзбекистон» қиёфаси киради. Бундан ташқари, Каттақўрғон шаҳри марказидаги Нарпай каналидан ўтган, 60 йил олдин қурилган кўприк ҳам реконструкция қилинади.

Жорий йил Самарқанд вилоятига 500 та электробус олиб келиш чораларини кўриш топширилди. Умуман, Нарпай, Пахтачи, Пайариқ, Қўшработ, Иштихон, Каттақўрғон туманлари ва Каттақўрғон шаҳрида саноат ва сервисни ривожлантириш, янгича қиёфа олиб кириш вазифаси қўйилди.

Теглар

Мавзуга оид