Самарқандни «Марказий Осиёнинг яшил инвестициялар ва инновациялар пойтахти» деб эълон қилиш таклиф этилди
Президент Шавкат Мирзиёев Глобал экологик жамғарманинг 8-ассамблеясида Самарқандни Марказий Осиёнинг яшил инвестициялар ва инновациялар марказига айлантириш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва минтақавий экологик ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.
© Foto: president.uzСамарқанд шаҳрида ўтаётган Глобал экологик жамғарма (GEF)нинг 8-ассамблеяси доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг табригида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришига мослашиш ва яшил иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди. Давлат раҳбари йиғилишнинг 5 июн — Бутунжаҳон атроф-муҳит куни арафасида ўтаётганини алоҳида таъкидлади.
Президентнинг биринчи ташаббуси
Самарқандга «Марказий Осиёнинг яшил инвестициялар ва инновациялар пойтахти» мақомини бериш билан боғлиқ. Бу орқали шаҳарни яшил иқтисодиёт, иқлим молияси ва барқарор ривожланиш бўйича минтақавий марказга айлантириш ҳамда пилот яшил ҳудуд сифатида ривожлантириш режалаштирилмоқда.
Иккинчи ташаббус
Самарқандда Колумбия университетининг Барқарор ривожланиш маркази билан ҳамкорликда Улуғбек номидаги Барқарор ривожланиш илмий-тадқиқот институти ташкил этилади. Институт иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларни яшил трансформация қилиш бўйича етакчи илмий-таҳлилий майдонга айланиши кутилмоқда.
Шунингдек, иқлим ўзгариши таъсирини баҳолаш, эрта огоҳлантириш тизимлари ва гидрометеорология соҳасидаги тадқиқотларни мувофиқлаштириш учун Иқлим ўзгариши ва гидрометеорология миллий марказини ташкил этиш режаси маълум қилинди.
«Тоза ҳаво» давлатлараро консорциумини ташкил этиш
Президент Қозоғистон билан биргаликда «Тоза ҳаво» давлатлараро консорциумини ишга тушириш бўйича келишувга эришилганини ҳам қайд этиб, минтақа давлатларини мазкур ташаббусга қўшилишга чақирди. Консорциум яшил молия, ўрмон-мелиорация ишлари ва саноатни экологик модернизация қилишга хизмат қилади.
«Чўл иқтисодиёти»
Бундан ташқари, Оролбўйида «чўл иқтисодиёти» ташаббусини амалга ошириш ҳамда 2027 йилги Тошкент инвестиция форумини “Барқарор ривожланиш ва яшил инвестициялар” мавзусига бағишлаш таклиф этилди. Давлат раҳбари Ўзбекистон GEF донор давлатлари қаторига қўшилишга тайёрлигини ҳам билдирди.





