«Samsung» рекорд даражадаги мерос солиғи тўлади

Бугун 14:252 дақиқа

Жанубий Кореяда мерос солиғи ставкаси 50 фоизни ташкил этади, бу эса дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан биридир.

«Samsung» рекорд даражадаги мерос солиғи тўлади © Pinterest.com

2020 йил октябрида вафот этган собиқ раис Ли Кун Хидан қолган улкан мерос учун унинг оиласи жами 12 триллион вон, яъни тахминан 8 миллиард доллар миқдорида солиқ тўлади. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Солиқ юки

Марҳум тадбиркор ўзидан 26 триллион вон (18 млрд доллар атрофида) бойлик қолдирган. Бу активлар орасида акциялар, кўчмас мулк ҳамда қимматбаҳо санъат асарлари бор. Жанубий Кореяда мерос солиғи 50 фоизгача етади, бу эса дунёдаги энг юқори ставкалардан бири ҳисобланади.

Солиқ тўловлари беш йил давомида олти босқичда амалга оширилди. Компания раиси Ли Же Ёнг, унинг онаси Ҳонг Ра Ҳи ҳамда сингиллари Ли Бу Жин ва Ли Со Ҳёнг солиқларни тўлади. Компания 3 май куни сўнгги тўлов якунланганини расман тасдиқлади.

Назорат ва хайрия

Бу жараён инвесторлар томонидан диққат билан кузатилди. Сабаби, катта миқдордаги солиқ «Samsung» устидан оила назоратига таъсир қилиши мумкин эди. Шу билан бирга, мероснинг бир қисми хайрияга ажратилди.

Жумладан, Пабло Пикассо ва Салвадор Дали асарлари миллий музейларга тақдим этилди. Бу қарор маданий меросни сақлаш ва жамоатчиликка тақдим этиш мақсадида қабул қилинган.

«Samsung»нинг ҳозирги ҳолати

Bloomberg маълумотларига кўра, Ли оиласининг умумий бойлиги 45 миллиард доллардан ошади. Сўнгги йилларда сунъий интеллект чипларига талаб кескин ошгани компания акциялари қийматини ҳам кўтарди.

Бугунги кунда «Samsung» дунёдаги етакчи смартфон ва телевизор ишлаб чиқарувчилардан бири бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, у қурилиш, молия ва оғир саноат соҳаларида ҳам фаол.

Ходимлар норозилиги

Эслатиб ўтамиз, апрел ойида компаниянинг қарийб 40 минг ходими иш ташлаш акциясига чиқди. Улар компания фойдаси ортиб бораётганига қарамай, иш ҳақи ва бонуслар адолатли тақсимланмаётганини таъкидлади.

Ходимлар бонуслар бўйича чекловларни бекор қилишни талаб қилди. Ҳозирда бу миқдор йиллик иш ҳақининг 50 фоизи билан чекланган.

Теглар

Мавзуга оид