
Сангинов «Ўзбекнефтгаз»да газ қазиб олишни барқарорлаштирмоқчи
«Ўзбекнефтгаз» АЖнинг янги раҳбари Абдуғани Сангинов газ қазиб олишни тез фурсатда барқарорлаштириш ва компанияни трансформация қилиш стратегиясини тасдиқлашни режалаштирмоқда.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ давлат компаниясида бош вазир ўринбсари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қучқаров иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда жамоага расман янги бошқарув раиси Абдуғани Сангинов таништирилди ва соҳадаги долзарб муаммолар, хусусан, газ қазиб олиш ҳажмларининг пасайиши муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда компания матбуот хизмати.
Йиғилишда қайд этилишича, сўнгги йилларда нефт ва газ тармоғини ривожлантириш учун давлат томонидан зарур шарт-шароитлар яратилганига қарамасдан, кутилган натижаларга ҳали эришилмаган. Мавжуд ҳолат танқид остига олинган ва соҳада тизимли ўзгаришлар зарурлиги таъкидланган.
Муаммоларни бартараф этиш мақсадида геологик қидирув ва қазиб олиш ишларини янги босқичга олиб чиқиш, ҳар бир йўналиш бўйича фаолиятни қайта кўриб чиқиш вазифалари белгиланди. Шунингдек, компанияни халқаро стандартлар асосида қайта ташкил этиш, замонавий бошқарув усулларини жорий қилиш ва стратегик лойиҳаларни аниқ амалий натижаларга йўналтириш топширилди.
Алоҳида эътибор хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорлик форматига баҳо бериш ва мавжуд молиявий ресурслардан самарали фойдаланиш масалаларига қаратилди. Янги раҳбардан қарорларни қатъият билан қабул қилиш, интизом ва масъулиятни устувор тамойилга айлантириш талаб этилди.
Абдуғани Сангинов ўз навбатида «Ўзбекнефтгаз»ни трансформация қилиш бўйича янги стратегияни қисқа муддатда тасдиқлаш ва газ қазиб олишни барқарорлаштиришни асосий вазифа сифатида белгилашини маълум қилди.
Президент топшириғига кўра, иқтисодиёт ва молия вазирлигида нефт ва газ йўналиши бўйича вазир ўринбосари лавозими жорий этилди. Бу қарор соҳада бошқарувни кучайтириш ва ислоҳотларни тизимли амалга оширишга қаратилган.
Аввалроқ энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 2026 йилдан бошлаб Қорақалпоғистондаги янги конлар ҳисобига газ қазиб олиш ҳажмларининг пасайишини тўхтатиш режалаштирилгани ҳақида айтган эди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг 10 ойида газ қазиб олиш 35,5 млрд метр кубни ташкил этди. Бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 1,8 млрд куб метрга, 2023 йилга нисбатан эса 3,5 млрд куб метрга кам.





