Санжар Каримов иши: ҳимоя оқловни, прокурор ҳукмни ўзгартирмасликни сўради
17-август куни ЖИБ Тошкент шаҳар судида автоблогер ва тадбиркор Санжар Каримовга оид жиноят иши бўйича апелляция инстанциясида тарафлар музокараси якунланди. Унда ҳимоя томони, прокурор, жабрланувчилар томони ва судланувчи нутқ қилди. Ҳимоя томони ЖКнинг 112 ва 168-моддалари бўйича оқлов, 273-моддаси бўйича эса қилмишни 276-моддага қайта квалификация қилиш ва жазони ўзгартиришни сўради. Прокурор эса Каримовга нисбатан чиқарилган биринчи инстанция ҳукмини ўзгаришсиз қолдиришни сўради. Жабрланувчи Олимбоева эса уйининг қайтарилганини айтиб, Каримовга нисбатан даъвоси йўқлигини билдирди ва суддан унга енгиллик беришни сўради.

«Икки эпизод бўйича оқлов сўраймиз» — адвокатлар
Суд музокарасида Санжар Каримов адвокатларидан бирининг таъкидлашича, ҳимоя томони Жиноят кодексининг 112 ва 168-моддалари бўйича Каримовни айбсиз деб ҳисоблайди. 273-модда бўйича эса ишдаги далиллар ва тергов жараёнидаги процессуал масалаларга эътибор қаратилиб, қилмишни 276-модда билан қайта квалификация қилиш сўралди. Адвокатнинг фикрича, ишдаги айрим далиллар ЖПК талабларига мувофиқ олинмаган ва биринчи инстанция суди уларга тегишли ҳуқуқий баҳо бермаган. Шу сабабли у икки эпизод бўйича оқлов, учинчи эпизод бўйича эса қайта квалификация ва жазони ўзгартиришни сўради.
«Айб гувоҳлар ва экспертиза хулосалари билан тасдиқланган» — прокурор
Давлат айбловчиси эса ҳимоя позициясига қўшилмади. Прокурорнинг фикрича, Санжар Каримовга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди, 112-моддаси 1-қисми ва 273-моддаси 2-қисми бўйича қўйилган айбловлар биринчи инстанция томонидан тўғри квалификация қилинган. У айб жабрланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, экспертиза хулосалари ҳамда судда текширилган бошқа далиллар билан тасдиқланганини билдирди.
ЖКнинг 168-моддаси бўйича прокурор уй олди-сотдиси билан боғлиқ ҳолатларга эътибор қаратди. Унинг айтишича, Каримов уй эгаси Олимбоева билан эмас, Рисматов билан келишган, пул ҳам Рисматовга берилган. Прокурор буни уй эгаларидан яширилган келишув сифатида баҳолади. 112-модда бўйича эса ишдаги аудиоёзув экспертиза орқали Санжар Каримовга тегишли экани аниқлангани ва жабрланувчи ўз кўрсатмаларида ундан қўрққани ҳақида маълум қилганига урғу берилди. 273-модда бўйича прокурор тинтув суд рухсати билан ўтказилгани, тинтув вақтида холислар ва адвокат иштирок этганини айтди. Шунингдек, палто ичидан аниқланган моддаларга Каримовнинг ДНК излари топилгани ҳақидаги экспертиза хулосасига эътибор қаратди.
Прокурорнинг қайд этишича, Каримов гиёҳвандликдан мажбурий даволанишга муҳтож эмаслиги аниқланган. Бироқ айблов «сотиш» эмас, балки гиёҳвандлик воситасини ўтказиш мақсадида сақлаш билан боғлиқ эканини таъкидлади. Шу билан бирга, прокурор биринчи инстанция ҳукмининг тавсиф қисмида гиёҳвандлик моддаларининг тури ва миқдори кўрсатилмаганини қайд этди. Унга кўра, бу маълумотлар экспертиза давомида аниқланган. Прокурор ҳукмни ўзгаришсиз қолдиришни, фақат ҳукмнинг тавсиф қисмида моддалар тури ва миқдорини кўрсатишни сўради.
«Шартнома ҳақиқий келишувни акс эттирмайди»
Уй билан боғлиқ эпизод бўйича жабрланувчи Олимбоеванинг адвокати олди-сотди шартномаси расмий имзоланганининг ўзи етарли эмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, асосий масала шартнома томонларнинг ҳақиқий иродасини акс эттирган ёки акс эттирмаганида. Адвокат судда Санжар Каримов жабрланувчининг уйини кўрмагани, уй қиймати баҳоланмагани ва шартномада уйнинг ҳақиқий қиймати кўрсатилмаганига эътибор қаратди. Шунингдек, унинг айтишича, Рисматов уй эгаси номидан пул олиш ваколатига эга бўлмаган. Пул Каримов томонидан Рисматовга берилган, мулк эгаси эса ушбу маблағни олмаган. Ишдаги аудиоёзувлар ҳам томонларнинг асл келишуви уй сотиш эмас, вақтинчалик гаров бўлганини кўрсатади, деган позиция билдирилди.
Адвокат биринчи инстанция судининг 168-модда бўйича берган ҳуқуқий баҳосини тўғри деб ҳисоблашини айтиб, шу билан бирга жабрланувчининг Каримовга нисбатан даъвоси йўқлигини инобатга олиб, унга нисбатан енгилроқ жазо тайинлашни сўради.
«Суддан бу болани кечиришингизни сўрайман» — жабрланувчи Олимбоева
Музокараларнинг энг эътиборли қисмларидан бири жабрланувчи Олимбоеванинг нутқи бўлди. У воқеаларга икки йил бўлгани, шу вақт давомида оиласи билан таҳдид, туҳмат ва қўрқувни бошдан кечирганини айтди. Бироқ уйининг ўзига қайтарилгани, шу сабабли Каримовга нисбатан даъвоси йўқлигини билдирди.
«Санжар Каримовнинг ҳам оиласи бор, бола-чақаси бор»,— дея у суддан Каримовни кечиришни сўради.
Жабрланувчи унинг ўз оиласига қайтиб, ҳаётини янгидан бошлашини исташини айтди. Унинг фикрича, юз берган воқеалар барча томонлар учун сабоқ бўлган.
Яна бир адвокат: Раҳматуллаевага қўйилган айбловга эътироз билдирилди
Жабрланувчи Раҳматуллаеванинг адвокати эса унинг Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилгани ва 8,5 млн сўм жарима тайинланганига тўхталди. Ҳимоячи Раҳматуллаева фарзанди учун хавотирда бўлгани, таҳдидлар сабаб уйидан чиқиб кетиб, вақтинча бошқа жойда яшаганини айтди. У тергов жараёнида айрим мурожаатларга етарли баҳо берилмаган бўлиши мумкинлигини билдирди. Адвокат суддан ишдаги барча далилларнинг мақбуллигига Олий суд Пленумининг тегишли қарорларидан келиб чиқиб ҳуқуқий баҳо беришни сўради ва ҳукмни ўзгартириш, ўзгартирмаслик масаласини судга ҳавола қилишини айтди.
«Уйни эгаларига қайтардим» — Санжар Каримов
Музокараларнинг якунида Санжар Каримов ўз нутқида биринчи навбатда уйни эгаларига қайтарганини таъкидлади. Каримовнинг айтишича, у уйни қайтариш ҳақида судгача ҳам ваъда берган ва бу ваъдасини бажарган. Каримов ўзини айбловлардан оқлаш учун ишдаги ҳужжатлар ва кўрсатмаларга эътибор қаратди. Унинг талқинига кўра, у нотариусга уй эгаларини илгари кўрмаган ҳолда борган ва ўзини пул берувчи — кредитор сифатида кўрган. У Рисматов унга уйнинг амакисига тегишли эканини айтгани, Рисматов эса тадбиркорлик фаолияти учун пул олиши керак бўлганини таъкидлади.
Каримов, шунингдек, ишдаги дастлабки кўрсатмаларга эътибор қаратиб, жабрланувчи томон Рисматовнинг тадбиркорлик учун пул олаётганини билганини кўрсатишга уринди. Унга кўра, томонлар ўртасидаги асосий келишув ҳам Рисматовнинг пул олиши билан боғлиқ бўлган.
Каримов ўз нутқида ўзини жабрланувчилар билан шерик бўлган шахс эмас, балки Рисматовга пул берган кредитор сифатида кўрсатди. У суддан ўзининг айбсизлигини инобатга олишни сўради. Нутқининг якунида Санжар Каримов суд жараёни унинг учун ниҳоятда оғир кечаётганини айтди.
«Мен учун эса бу эртанги куним, ҳафталарим, ойларим ҳал бўладиган кун. Шунинг учун мен бироз асабийлашяпман»,— деди у судда.
Судя Каримовга ёзма нутқини тақдим этиш имконини берди. Унга қўшимча ҳужжатларни 21-август куни соат 16:00 гача тақдим этиш муддати белгиланди. Шу тариқа, Санжар Каримовга оид жиноят ишининг апелляция инстанциясидаги тарафлар музокараси якунланди.
Кейинги суд мажлисида судланувчи Санжар Каримовга сўнгги сўз берилади.
Теглар





