
Санкт-Петербургда мигрантларсиз илк кунда такси нархи 30 фоизга ошди
8 ноябрдан мигрантларни такси хизматидан четлатиш фонида Петербургда йўлкира нархи 30 фоизгача кўтарилган, айрим йўналишларда ҳайдовчилар етишмовчилиги кузатилган.

Санкт-Петербургда 2025 йил 8 ноябрдан бошлаб мигрантлар учун таксида ишлаш тақиқланиши амалий кучга кирди. Шу муносабат билан «Фонтанка» нашри шахсий таҳлилий текширув ўтказиб, таҳририят жойлашган кўчадан шаҳарнинг турли туманларига такси хизматининг 7 ва 8 ноябр кунги нархларини солиштирди.
Таҳлилларга кўра, «Эконом» тарифида нархлар ўсиши 3,2 фои дан 32,5 фоизгача етиб борди. Энг катта ўсиш Приморский туманидаги Комендантский проспектига бўлган йўналишда қайд этилган — 7 ноябрдаги эса 761 рубл ўрнига 1009 рубл сўралган ва фарқ 32,5 фоизни ташкил этган.
Невский туманидаги Шелгунова кўчасига етиб бориш учун ҳам нарх 30,7 фоизга ошган — 631 рублдан 825 рублгача. Новое Девяткинодан Школная кўчасига бориш 26,9 фоизга қимматлашган. Шаҳар марказидан «Экспофорум» кўргазма мажмуасига бориш 12,5 фоизга ошган.
Севкабел Порт, Юнтолово, Ломоносов каби йўналишларда нархлар 4–8 фоиз атрофида ошган бўлса, Василевский оролида жойлашган Cosmos меҳмонхонасига сафар энг кам фарқ — 3,23 фоизлик ўсиш билан қайд этилди.
«Яндекс Такси» айрим фойдаланувчиларга ҳайдовчилар етишмаслиги туфайли буюртма қилишда кечикиш бўлиши мумкинлигини билдирувчи огоҳлантиришларни ҳам юборган. Шаҳарнинг айрим аҳоли вакиллари бутунлай такси чақиролмаганини хабар қилган.
Эслатиб ўтамиз, такси соҳасидаги мигрантларнинг фаолиятини чеклаш ҳақидаги қарор 2025 йил август ойида губернатор Александр Беглов томонидан қабул қилинган. Мазкур қарор патент асосида ишлаётган хорижликларнинг ишга жойлашишига чеклов қўяди. Ҳукумат буни хизмат хавфсизлигини ошириш ва ноқонуний меҳнат фаолиятига қарши чора сифатида кўрсатмоқда.
Шаҳар ҳокимиятига кўра, тақиқ амалга кириши орқали Петербургда ҳайдовчилар сони 12 фоизга камаяди — тахминан 4 минг одам. Бу рақамларни «Яндекс Такси» ва шаҳарнинг меҳнат ва бандлик қўмитаси ҳам тасдиқлаган.
Аввалроқ 2025 йилнинг учинчи чорагида 275 мингдан ортиқ мигрант Россияда ишлаш рухсатномасини олиш учун рус тилидан имтиҳон топширгани маълум қилинган эди.




