Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ҳудудлар рейтинги эълон қилинди

06.03.2026 | 09:391 дақиқа

2026-йил январ ойида Ўзбекистонда 85,1 трлн сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилиб, ҳудудлар рейтингида Навоий вилояти биринчи ўринни эгаллади.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ҳудудлар рейтинги эълон қилинди

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, саноат ишлаб чиқариш ҳажми бўйича ҳудудлар орасида Навоий вилояти етакчиликни сақлаб қолди.

Ҳисоботга кўра, Навоий вилоятида бир ой давомида 27,1 трлн сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилган. Бу кўрсаткич республика бўйича энг юқори натижа бўлиб, саноат салоҳияти ва йирик корхоналар фаолияти юқори эканини кўрсатади.

Иккинчи ўринни Тошкент шаҳри эгаллади. Пойтахтда январ ойида 13,9 трлн сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилди. Учинчи ўринда эса 12,2 трлн сўмлик кўрсаткич билан Тошкент вилояти қайд этилди.

Шунингдек, саноат ишлаб чиқариш ҳажми бўйича кейинги ўринларда Андижон вилояти 4,4 трлн сўм, Самарқанд вилояти 3,8 трлн сўм ва Фарғона вилояти 3,5 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш билан қайд этилди. Бухоро вилоятида 3,2 трлн сўм, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида эса 2,8 трлн сўмдан саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилди.

Энг кам саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарган ҳудуд

Жиззах вилоятида саноат ишлаб чиқариш ҳажми 2,5 трлн сўмни ташкил этди. Сирдарё вилоятида бу кўрсаткич 2,4 трлн сўм бўлса, Қорақалпоғистон Республикасида 2,1 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Ҳисоботда қайд этилишича, Хоразм вилоятида 1,9 трлн сўм, Сурхондарё вилоятида эса 1,1 трлн сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилган. Умуман олганда, мамлакатда саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг асосий қисми йирик саноат марказлари ва ресурсларга бой ҳудудлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Теглар

Мавзуга оид