add

Сариосиё тумани ҳокими ўринбосари озодликдан маҳрум қилинди

Суд унга 3 йил-у 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш, шу билан бирга давлат ҳокимияти тизимида ишлаш ҳуқуқидан 2 йилдан ортиқ вақтга маҳрум этиш жазосини тайинлади.

Сариосиё тумани ҳокими ўринбосари озодликдан маҳрум қилинди

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё тумани ҳокими ўринбосари 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. У боғчага ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, фуқародан ўз хизмат хонасида 500 доллар олган.

Суд ҳужжатига кўра, 2025 йил 5 феврал куни Сариосиё тумани ҳокими ўринбосари Асқарали Қурбонов ўз хизмат хонасида фуқаро С. Д.дан Г.С. воситачилигида 500 доллар олган. У ушбу пул эвазига Дадахоновани мактабгача таълим муассасасига мудир лавозимига ишга жойлаштириб қўйишини ваъда қилган.

А.Қурбонов судда айбига қисман иқрор бўлган ва пулни қарз сифатида олганини, кейинчалик бу пулни оила аъзолари орқали қайтариб берганини билдирган. Суд тергов материаллари, аудиоёзувлар ва гувоҳлар кўрсатувларига асосланиб, мазкур пул қарз эмас, балки пора сифатида берилган деб топган.

С.Д. ва Г.С. судда терговдаги кўрсатмасини ўзгартириб, пулни ҳоким ўринбосарига қарз сифатида беришганини, А.Қурбонов иши бўйича улардан ноқонуний равишда ариза, кўрсатувлар олишганини, тергов органига берган кўрсатувларини ҳозирда рад қилишларини билдиришган. Бироқ суд уларнинг судда берган кўрсатувларини жавобгарликдан қутулиш учун билдирилган важлар дея баҳолаган.

Шунингдек, суд А.Қурбоновнинг бошқа ҳолатларда ҳам мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганини қайд этди. Жумладан, у Касбий кўникмалар маркази раҳбаридан танишини мактабга ишга киритишни ваъда қилиб, унинг номидан умумий овқатланиш марказидаги қарзини тўлашга ноқонуний топшириқ бергани кўрсатиб ўтилди. Шу билан бирга, IT йўналишидаги ўқув марказига рухсат хулосасини олиб бериш орқали манфаат талаб қилингани ҳам қайд этилди.

Суд айрим айблов эпизодларини етарли далиллар мавжуд бўлмагани учун чиқариб ташлаган бўлса-да, асосий жиноятлар тўлиқ исботланган деб топилди.

Жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман судининг ҳукми билан А.Қ. Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди ва 28-, 211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 2 йил 1 ой давлат ҳокимияти тизимида мансабдор ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ҳоким ўринбосарининг яқин қариндошларидан қайтариб олинган 500 доллар пулни С.Д.дан давлат даромадига ундириш белгиланган.

Теглар

Мавзуга оид