add

Саудияда бадавлат чет элликларга спиртли ичимлик сотишга рухсат берилди

Кеча 21:381552 дақиқа

Аввалроқ, мамлакатда аёллар учун автомобил ҳайдашга қўйилган тақиқ бекор қилинган ва оммавий кўнгилочар тадбирлар қонунийлаштирилган эди.

Саудияда бадавлат чет элликларга спиртли ичимлик сотишга рухсат берилди

Саудия Арабистони спиртли ичимликлар савдосига қўйилган чекловларни янада юмшатди — энди мусулмон бўлмаган хорижлик резидентлар ойлик даромади 50 минг риёл (13,300 доллар) ёки ундан юқори бўлса, спиртли ичимлик сотиб олишлари мумкин. Бу ҳақда Bloomberg мазкур масаладан хабардор манбаларга таяниб, хабар бермоқда.

Манбаларнинг айтишича, мамлакатдаги ягона спиртли ичимликлар дўконига кириш учун резидентлар ўз даромадини тасдиқловчи маош тўғрисидаги ҳужжат кўрсатиши керак. Мазкур дўкон ўтган йили хорижий дипломатлар учун очилган эди, яқинда эса мусулмон бўлмаган «премиум резиденция» эгалари учун ҳам кириш рухсати кенгайтирилди. Бу ўзгаришлар бўйича ҳеч қандай расмий баёнот берилмаган, ҳукумат эса душанба куни изоҳ бериш ҳақидаги сўровга дарҳол жавоб қайтармади.

Манбаларнинг айтишича, Риёздаги дўконда харидорлар ой давомида балл тизими асосида белгиланган лимит бўйича харид қилиши мумкин. Bloomberg аввалроқ мамлакатнинг яна икки шаҳрида янги спиртли ичимликлар дўконлари қурилаётгани ҳақида хабар берган эди.

Спиртли ичимликларга доир қоидалар аста-секин юмшатилиши Саудия Арабистонининг ижтимоий чекловларни камайтириш ва Риёзни бизнес ҳамда инвестициялар учун рақобатбардош марказга айлантиришга қаратилган кенгроқ ислоҳотлари билан уйғун. Мамлакат хорижий мутахассислар ва капитални жалб этишни иқтисодий трансформациянинг муҳим қисми деб билади.

Сўнгги йилларда Саудия Арабистони аёлларга машина ҳайдаш тақиқини бекор қилди, оммавий кўнгилочар тадбирларга рухсат берди, мусиқа, гендерлар аралашуви ва туризмни рағбатлантирди. Ўзгаришлар суръати подшоҳликни — Ислом дини бешиги ва икки муқаддас маскан жойлашган ҳудудни — замонавийлаштириш нақадар нозик жараён эканини кўрсатмоқда.

Теглар

Мавзуга оид