«Sea Breeze Uzbekistan» бўйича жамоатчилик эшитуви: эътироз ва таклифлар тингланди

Ғазалкентда «Sea Breeze Uzbekistan» курорт лойиҳаси бўйича жамоатчилик эшиттируви жуда қизғин ўтди. Мутасаддилар турли йўналишлар бўйича лойиҳа тақдимотини қилишди. Экоактивистлар эътирозлари, маҳаллий аҳоли таклифлари тингланди.

Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги биносида ўтган йиғилишда Чорвоқ сув омбори ҳудудидаги Яккатут ва Болодала маҳаллалари вакиллари, турли мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, халқаро экспертлар ҳам иштирок этишди. Қайд этиб ўтиш керак, Халқаро экспертлар Сербия, Озарбойжон, Қозоғистон, Жанубий Корея каби давлатлардан келишган.

Тадбирда аввал лойиҳа тақдимоти бўлиб ўтди. «Sea Breeze Uzbekistan» бош директори Сардор Ҳамидов дам олиш маскани концепцияси, унинг ижтимоий иқтисодий салоҳияти ва амалга оширишнинг асосий тамойиллари ҳақида маълумот бериб ўтди. Жумладан, халқаро курорт ва сайёҳлик маркази 2035 йилгача Чорвоқ сув омбори соҳилида 577 гектар майдонда қад ростлаши, ҳудудда 10 мингдан ортиқ маҳаллий иқлимга чидамли манзарали дарахтлар экилиши, энг асосийси — истиқболда 8 мингдан ортиқ иш ўрни яратилиши таъкидлаб ўтилди.

Лойиҳа айни пайтда тўлиқ экологик экспертизадан ўтказилмагани, бироқ параллел лойиҳалаш билан ишлаб бошлаб юборилгани айтиб ўтилди.

Бўстонлиқ тумани ҳокими Жўрабек Аҳмедов лойиҳа қурилиши асносида ҳудудда замонавий канализация тизими ўтказилиши, Чорвоқ сув омборидан сувни насос ёрдамида тортиб олиб, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш тизими ҳам йўлга қўйилиши таъкидлаб ўтди. «Ўзсувтаъминот» корхонаси ходимлари бу борадаги лойиҳа тақдимотини ҳам ўтказишди.

Жўрабек Аҳмедов Бўстонлиқ туманида 5 млрд доллар инвестиция эвазига барпо этиладиган «Sea Breeze Uzbekistan» каби йирик туристик марказ билан бир қаторда умумий сони 200 дан ортиқ 2 млрд долларлик бошқа туризм объектлари ҳам барпо этилаётганини алоҳида таъкидлади.

Тақдимотлардан сўнг таклиф этилган экологик активистлар, журналистлар, блогерлар лойиҳага оид ўз саволлари билан мутасаддиларга мурожаат қилишди.

Экоактивистларнинг асосий эътирози Чорвоқ сувининг ифлосланиши хавфи, пировардида Тошкент шаҳрини ичимлик суви зарарланиши мумкинлиги, шунингдек, қурилиш жараёнида чанг тўзон кўтарилиб, шундоқ ҳам ифлосланаётган ҳавони янада ифлослантириши мумкинлиги ҳақида бўлди.

Бироқ, саволларга жавоб берган «Ўзсувтаъминот» мутасаддилари марказлашган канализация тармоғи уч босқичли ҳимояланган қувурлар билан ўтказилиши, Чорвоқ сув омборига бирор томчи ифлос оқова сувлари тушмаслигини таъкидлашди.

Тошкент шаҳри сувсиз қолиши ҳақидаги ҳадиклар эса асоссиз экани айтилди, чунки Чорвоқ сув омбори сувининг фақат 15 фоизи Тошкент шаҳрини сув билан таъминлашга сарфланар экан. «Sea Breeze Uzbekistan» ва унга ёндош муҳаллаларни ичимлик сув билан таъминлашга сув омборининг 0,5 фоиз суви сарфланиши ҳам айтиб ўтилди.

Қурилиш ишларида чанг-тўзон кўтарилишининг олдини олиш учун тупроқни ва ҳавони намлантирувчи «пушкалар» билан олиб борилиши таъкидланди.

Ҳудудда кесилган дарахтлар, фермерлардан олиб қўйилган ерлар учун компенсация тўлаш масаласи ҳам кўтарилди: қурилиш майдони ўрнидан олиб ташланган дов-дарахтлар ўрнига кўп йиллик манзарали дарахтлар лойиҳа бўйича тартибли экилиши, фермерлар билан эса компенсациялар бўйича уларга тўлаб бериладиган товон пулига аниқлик киритилиб, шартномалар имзолангани ва шу яқин бир ҳафтанинг ичида пуллар ўтказилишини айтиб ўтди.

Маҳаллий аҳоли эса ҳудудда курорт зонаси қурилаётганидан хурсандлигини таъкидлаб ўтди. Чунки, шу баҳона инфратузилма яхшиланади, Яккатут ва Болодала маҳаллалари тўлиқ канализация тармоғи ва ичимлик суви билан таъминланадиган бўлмоқда. Маҳаллий аҳоли сув ўтказиш тармоғида суғориш ишларида ҳам фойдалана олишади. Истиқболда нафақат саналган икки маҳалла, Чорвоқ сув омбори бўйидаги қолган ҳудудларнинг ҳам аҳолиси доимий иш ўринларига эга бўлишаётганидан улар мамнун.

Таъкидлаш лозимки, лойиҳа доирасида маҳаллий аҳоли яратиладиган кўплаб иш ўринлари натижасида узоққа бормай, ўз ҳудудларида доимий меҳнат фаолияти билан шуғулланишади.

Маҳаллий аҳоли шунингдек, жамоат транспорти, чиқиндиларни доимий ташиб кетиш бўйича мунтазам тизим ишлаб чиқиш кераклиги борасида ўз таклифларини билдиришди.

Активистлар ва блогерлардан курорт марказида маҳаллий аҳоли ёки шу ерда дам олмаётганлар учун қандай текин хизматлар кўзда тутилгани ҳақида ҳам савол берилди.

Бунга жавобан курорт ҳудудида пуллик зоналар билан бир қаторда истовчилар учун текин жамоат пляжлари, соҳил бўйлаб ётқизиладиган саломатлик йўлагида, сайилгоҳ ва хиёбонларда сайр қилиш текин бўлиши айтиб ўтилди.

Тадбирда беришга улгурилмаган саволлар учун саволлар қутиси ташкил қилинди ва ҳар бир саволга шахсан жавоб берилиши қайд этиб ўтилди. Энг муҳими, лойиҳани кейинг лойиҳалаштириш жараёни ва якуний экспертизада билдирилган ҳар бир таклиф ва эътирозларга эътибор қаратилиши қайд этиб ўтилди.

Теглар

Мавзуга оид