
Сенат қарздорликларни соддалаштирилган тартибда ундиришни кенгайтиришни маъқуллади
Сенатнинг ялпи мажлисида ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси маъқулланди. У амалий жараёнларда бюрократияни қисқартиришни назарда тутади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида «Ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартибини янада такомиллаштириш» муносабати билан «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 431- ҳамда 432-моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун муҳокама қилинди.
Мажлисда таъкидланишича, сўнгги йилларда мамлакатда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари доирасида ижро тизимини такомиллаштиришга, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар қарорларининг ўз вақтида ижро этилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда ахборот технологияларидан фойдаланиш орқали жараёнларни соддалаштириш ва фуқаролар ҳамда юридик шахслар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш муҳим вазифа этиб белгиланган.
Қонунга кўра, соддалаштирилган ижро тартиби почта ва видеоконференцалоқа харажатлари, коммунал хизматлар бўйича қарздорликлар, кўп квартирали уйлар мулкдорлари мажбурий бадаллари ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари (2 млн 60 минг сўм)дан ошмаган суммаларни ундириш каби ҳолатларга татбиқ этилади.
Сенаторлар таъкидлашича, мазкур ўзгаришлар ижро жараёнини соддалаштириш билан бирга, қарздорликларни тез ва самарали ундиришга ёрдам беради. Шунингдек, Мажбурий ижро бюроси ходимларининг иш юкламаси камайиб, уларнинг фаолияти самарадорлиги ошади.
Муҳокама якунида қонун лойиҳаси сенаторлар томонидан маъқулланди.





