Сентябрдан «Солиқ» иловасида сохта кешбэкларни аниқлайдиган «AI ёрдамчи» ишга тушади
Кешбэк тизимидаги фирибгарликлар ва уни лотерея билан алмаштириш таклифлари юзасидан Vaqt.uz Солиқ қўмитасидан изоҳ олди. Қўмита сентябрдан «AI ёрдамчи» ишга туширилиши, 1 фоизлик кешбэк бўйича якуний қарор эса Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қабул қилинишини билдирди.

Солиқ қўмитасида 30-июль куни ўтказилган матбуот анжуманида Ахборот-коммуникациялар технологиялари департаменти директори Фаррух Ахмеджонов солиқ тизимида сунъий интеллект асосидаги янги ечимлар жорий этилаётгани ҳақида маълум қилди.
Унинг айтишича, «AI ёрдамчи» кешбэк ва электрон ҳисобварақ-фактуралар билан боғлиқ шубҳали операцияларни аниқлашда фуқаролар ҳамда солиқ органларига ёрдам беради.
«Бугунги кунда сунъий интеллект ўрнатилмоқда. Электрон ҳисобварақ-фактуралар ва тизимга тушаётган ҳолатлар бўйича сунъий интеллект маълумотларини ишлаб чиқяпмиз. Фуқаро харид қилганда унинг кешбэгини текшириш имконияти бўлади. Тизим ҳақиқатан ҳам хавф борми ёки йўқми, сизнинг чекингиз бўйича пул тушадими ёки йўқми, шуни текшириш имкониятини беради. Бу сунъий интеллектнинг иккинчи босқичдаги қадами», — деди Ахмеджонов.
Сунъий интеллект қарор қабул қилмайди
Департамент директорининг таъкидлашича, сунъий интеллект солиқ ходимлари ўрнига қарор қабул қилмайди, балки хавфли операцияларни тезкор аниқлашга хизмат қилади.
«Сунъий интеллект ҳеч қачон инсон учун қарор қабул қилмайди. У қонун учун ёрдамчи функциясини қилади. Якуний қарорни сунъий интеллект эмас, солиқ ходими қабул қилади. Миллионлаб чеклар ва маълумотларни инсоннинг ўзи таҳлил қилиши жуда кўп вақт олади. Сунъий интеллект эса вақтни тежаб, ходимларнинг самарадорлигини оширади», — деди у.
Шунингдек, матбуот анжуманида Солиқ қўмитаси фуқаролар билан мулоқотни соддалаштириш мақсадида «AI мурожаатлар» номли сунъий интеллектга асосланган чатботни ҳам ишга туширишини маълум қилди. Мазкур чатбот солиқ тўловчиларнинг мурожаатларини қабул қилиш, уларга тезкор жавоб бериш ва керакли йўналишга йўналтиришга хизмат қилади.
Кешбэк бекор қилинадими?
Матбуот анжуманида Vaqt.uz журналисти Мафтуна Яхшиликова Фискал таҳлиллар институти томонидан илгари сурилган 1 фоизлик кешбэкни лотерея тизими билан алмаштириш таклифи бўйича қўмита муносабатини сўради.

Ахмеджоновнинг айтишича, кешбэк тизими фуқароларда чек талаб қилиш маданиятини шакллантиришда муҳим роль ўйнаган.
«Бугунги кунда кешбэк солиқ тушумларининг анча ўсишига олиб келди. Фуқароларимизнинг ўз ҳуқуқларини билиш даражаси ошди ва ҳар қандай тадбиркордан чек талаб қилиш маданиятига етиб келдик. Лотерея эса олдин ҳам бўлган. Бу ютуқли ўйин бўлгани учун қамрови жуда кам, уни ҳар бир солиқ тўловчи ўзида ҳис қилмаслиги мумкин», — деди у.
Олдинроқ Солиқ қўмитаси ижтимоий тармоқлардаги қизғин муҳокамаларга муносабат билдириб, кешбэк тизимини бекор қилиш режалаштирилмаётганини билдирганди.
Якуний қарор Иқтисодиёт ва молия вазирлигида
Шу билан бирга, у кешбэк тизими бўйича якуний қарор Солиқ қўмитаси томонидан эмас, солиқ сиёсатини шакллантирувчи Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қабул қилинишини таъкидлади.
«Биз ижро этувчи органмиз. Солиқ сиёсатини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги белгилайди. Қандай қоида тасдиқланса, биз уни амалга оширамиз», — деди Ахмеджонов.
Шунингдек, 1-августдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ютуқли ўйинлар тажриба тариқасида йўлга қўйилади. Кейинчалик айнан шу тажриба натижалари асосида кешбэк ва лотерея механизмларининг самарадорлиги таққосланиши мумкин.
Vaqt.uz аввалроқ «Кешбэклар қандай қилиб фирибгарлар бизнесига айланди?» номли таҳлилий мақолада ноқонуний кешбэк схемалари қандай ишлагани, сохта электрон ҳисобварақ-фактуралар ва фискал чеклар орқали давлат бюджетидан маблағларни ўзлаштириш усуллари ҳамда тизимдаги муаммоларни батафсил ёритганди.




