Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Қозоғистонга боради
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 май куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида кузатувчи давлат раҳбари мақомида иштирок этади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 май куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрига амалий ташриф билан боради. Ўзбекистон президенти матбуот хизматига кўра, ташриф Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг таклифига биноан амалга оширилмоқда. Саммит давомида Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.
Йиғилиш кун тартибидан ташкилотга аъзо ва кузатувчи давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, савдо-иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда амалий шерикликнинг устувор йўналишларини белгилаш каби масалалар ўрин олган.
Саммитда транспорт-логистика, саноат кооперацияси, рақамли иқтисодиёт ва минтақавий интеграцияни ривожлантиришга оид ташаббуслар ҳам кўриб чиқилиши кутилмоқда. Тадбир ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг янги босқичларини муҳокама қилиш майдони сифатида аҳамият касб этади.
Ўзбекистон 2020 йилдан буён Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи давлат мақомига эга. Мамлакат ташкилот билан савдо, инвестиция ва саноат соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Остонадаги музокаралар ҳам ўзаро иқтисодий алоқаларни янада фаоллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.





