
Шавкат Мирзиёев БАА энергетика ва инфратузилмалар вазири билан учрашди
Учрашувда Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди.

5 декабр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилмалар вазири Суҳайл ал-Мазруий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда БААнинг “Masdar” компанияси раҳбари Муҳаммад Жамил ал-Рамаҳий, “Etihad Water & Electricity” компанияси раҳбари Юсуф ал-Али ва “TAQA Water Solutions” компанияси раҳбари Аҳмад ал-Шамсий ҳам иштирок этди.
Даставвал, вазир Шавкат Мирзиёевга БАА президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, Бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад Ол Мактум, вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён ҳамда Абу-Даби Амирлиги валиаҳди Шайх Холид Ол Наҳаённинг саломини етказди.
Ўзбекистон – БАА дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, ҳамкорлик барча йўналишларда жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар ва авиақатновларнинг сони барқарор ошиб бормоқда. Лойиҳалар портфели 20 миллиард долларга етган.
Транспорт-логистика, озиқ-овқат, кон-металлургия, энергетика ҳамда бошқа устувор йўналишлардаги лойиҳаларни тайёрлаш ва илгари суриш чора-тадбирлари кўриб чиқилди.
БАА компаниялари раҳбарлари Шавкат Мирзиёевга шамол электр станцияси ва энергия сақлаш қувватлари, гидроэлектр станцияларини барпо этиш режалари ҳамда тозалаш иншоотлари қурилишининг бориши тўғрисида маълумот беришди.





