
Шавкат Мирзиёев БАА Ҳукумат ишлари бўйича вазири билан учрашди
Учрашувда Ўзбекистон президенти БАА билан инновацион ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 ноябр куни Бирлашган Араб Амирликлари Ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашув аввалида вазир давлат раҳбарига БАА президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён ва мамлакат Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад Ол Мактумнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон – БАА дўстлиги ва стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, 2025 йилнинг январ ойида БААга амалга оширилган олий даражадаги ташриф давомида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўйича қабул қилинаётган янги беш йиллик дастурни кенг кўламда амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, бюрократияни камайтириш, сунъий интеллект соҳасида 5 миллион нафар промпт-муҳандисни ўқитишда БААнинг илғор тажрибасини жорий этиш ҳамда «Ёш авлод» ва «Китоб челленжи» лойиҳаларини йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик режаларига алоҳида эътибор қаратилди.





