add

Шавкат Мирзиёев Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Жаҳон саммитида иштирок этади

Ўзбекистон президенти амир Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг таклифига биноан Жаҳон саммитида иштирок этиш учун Қатарга боради.

Шавкат Мирзиёев Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Жаҳон саммитида иштирок этади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг таклифига биноан 3–4 ноябр кунлари Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Жаҳон саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, тадбир давомида ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги мавжуд тафовутларни бартараф этиш, Ижтимоий ривожланиш тўғрисидаги Копенгаген декларациясининг мақсад ва тамойилларига содиқлик, шунингдек, 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилади.

Ижтимоий ривожланиш бўйича Жаҳон саммити давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, БМТ тизимидаги тузилмалар, фуқаролик жамияти институтлари, экспертлар ва ишбилармон доиралар ўртасидаги конструктив мулоқот учун муҳим платформа бўлишга қаратилган.

Таъкидланишича, форумнинг асосий мақсади қашшоқликка барҳам бериш бўйича глобал саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, тўлиқ ва самарали бандликка кўмаклашиш, муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш ҳамда замонавий таҳдидлар ва ўзаро боғлиқлик шароитида ижтимоий интеграцияни кенгайтиришдан иборат.

Саммит якунида барқарор ва инклюзив ижтимоий тараққиёт мақсадларини амалга ошириш борасида халқаро шерикликни янада мустаҳкамлаш ҳамда ўзаро келишилган ёндашувларни ривожлантиришга қаратилган Доҳа декларациясини қабул қилиш режалаштирилган.

Маълумот ўрнида, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президентининг UNESCO Бош конференцияси сессиясининг очилиши муносабати билан йўллаган табригига жавоб йўллагани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар

Мавзуга оид

Шавкат Мирзиёев Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Жаҳон саммитида иштирок этади | Vaqt.uz