Logo

Шавкат Мирзиёев Кореядаги ўзбекистонликлар билан учрашиб, қатор янги ташаббусларни муҳокама қилди

Учрашувда IT йўналишида мутахассислар тайёрлаш ва миллий пул ўтказмалари платформаларини жадал ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Шавкат Мирзиёев Кореядаги ўзбекистонликлар билан учрашиб, қатор янги ташаббусларни муҳокама қилди © Foto: president.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида ушбу мамлакатда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ватандошлар билан учрашди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Норасмий муҳитда ўтган суҳбат давомида Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларни амалга ошириш жараёнлари ва уларни ҳаётга татбиқ этишда ватандошларнинг қўшаётган ҳиссаси муҳокама қилинди. Учрашув иштирокчилари Ўзбекистон ва Корея ўртасида иқтисодиёт, илм-фан ва таълим соҳаларидаги алоқаларни кенгайтиришга қаратилган бир қатор илғор таклифларни илгари суришган.

Технологиялар интеграцияси ва маданий алоқалар

Маълум қилинишича, мулоқот давомида миллий иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ва давлат бошқарувига сунъий интеллект ҳамда Кореянинг рақамли технологияларини интеграция қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, тиббиёт, транспорт, божхона ва туризм соҳаларида инновацион ечимларни жорий этиш, миллий тўлов тизимлари ва пул ўтказмалари платформаларини жадал ривожлантириш ҳамда ахборот технологиялари йўналишида мутахассислар тайёрлаш масалалари кўриб чиқилган.

Бундан ташқари, икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни чуқурлаштириш бўйича ҳам аниқ таклифлар ўртага ташланган. Хусусан, Корея Республикасида Ўзбекистон маданий марказлари тармоғини кенгайтириш, ўзбек тилини ўрганиш дастурларини ривожлантириш, икки мамлакат ҳудудида турли маданий тадбирларни ўтказиш ҳамда ўзбек мумтоз адабиёти намуналарини корейс тилига таржима қилиш масалалари муҳокама қилинган.

«Давлат мулоқотга доимо очиқ»

Давлат раҳбари ватандошларнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожига қўшаётган салмоқли ҳиссаси учун миннатдорлик билдириб, уларнинг ҳар бир ташаббуси батафсил ўрганилишини ва энг муҳим лойиҳалар ҳар томонлама амалий қўллаб-қувватланишини таъкидлаган.

Ўзбекистон етакчиси учрашувда қатнашган профессорлар, тадбиркорлар, фаоллар ва талабаларга ўқишда ва касбий фаолиятда муваффақиятлар тилаб, давлат улар билан мулоқотга доимо очиқлигини ҳамда ватандошларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун барча зарур шарт-шароитларни яратишга тайёрлигини алоҳида қайд этди.

Ўз навбатида, учрашув иштирокчилари ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва орзу-ниятларни рўёбга чиқариш учун яратилаётган янги имкониятлар учун миннатдорлик билдириб, ўз билим ва ғайратини Ватан фаровонлиги йўлида сафарбар этишга ҳамиша тайёр эканликларини билдиришган.

Теглар

Мавзуга оид