Logo

Шавкат Мирзиёев миллий терма жамоани ҳимоя қилди, Мирзиёева Макрон билан учрашди, Қодиров айтган гапидан қайтди, Ташиевга суд ҳукми ўқилди, банклар жаримага тортилди — ҳафта дайжести

Бугун 18:207 дақиқа

Ўтаётган ҳафта ичида Ўзбекистонда содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни Vaqt.uz’да яна бир бор эсга оламиз.

«Оқ бўрилар» қайтди

Бу ҳафта илк бор Жаҳон чемпионатида иштирок этган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди ва пойтахт аэропортида тантанали кутиб олинди.

Президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни ёшлар билан учрашув чоғида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 2026 йилги Жаҳон чемпионатидаги иштирокига муносабат билдириб, футболчиларни танқид қилиш эмас, аксинча, уларни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини айтди.

Турнирда кутилган натижа қайд этилмаган бўлса-да, мамлакатда жамоанинг мундиалга чиққанининг ўзи катта ютуқ сифатида баҳоланди. Маросимда ҳукумат вакиллари, жумладан, Бош вазир Абдулла Арипов ҳам иштирок этиб, сўзга чиқди.

«Омадсиз футболчилар, диван экспертлари кўп бўлади. Уларни кечириб юборинглар. Шуни унутмангки, бугунги авлоднинг жасорати келгуси авлодлар учун мустаҳкам пойдевор бўлади. Янги ғалабалар, янада юксак марралар сари олға!”, деди Абдулла Арипов ўз нутқида.

Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбонов, Спорт вазири Адҳам Икромов, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ва бошқа расмийлар футболчиларни кутиб олиш учун аэропортда йиғилди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийи Фабио Каннаваро Жаҳон чемпионатидан сўнг Тошкентга эмас, АҚШдан Италияга йўл олди. У икки ойлик меҳнатдан кейин жамоага дам олиш кераклиги ва кейинги учрашув сентябр ойида бўлишини маълум қилди.

Фабио Cаннаваро Жаҳон чемпионатидаги энг қиммат мураббийлар рейтингида 5-ўринни эгаллаган. У йилига тахминан 4 миллион евро маош олади ва бу кўрсаткич билан бир неча топ мураббийлар қаторида қайд этилган.

Миллий терма жамоа сардори Элдор Шомуродов натижадан қатъи назар, жамоани қўллаб-қувватлаган барча мухлисларга миннатдорлик билдирди. Унинг таъкидлашича, Жаҳон чемпионатида иштирок этиш нафақат футбол, балки бутун мамлакатни бирлаштирган муҳим воқеага айланди.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Элдор Шомуродовнинг голи ЖЧ гуруҳ босқичидаги энг яхши гол деб топилди.

Қодиров миллий жамоани аввал танқид қилиб, кейин мақтади

Ўтган ҳафта Халқ демократик партияси раиси Алишер Қодировнинг миллий терма жамоамиз ва футболчилар ҳақидаги кескин танқидлари йодингизда бўлса керак. Халқимизда «Айтади ҳам, қайтади ҳам», деган гап бор. Бу ҳафта эса айнан шу ҳолатнинг гувоҳи бўлдик.

Аввал танқидий муносабати билан кун тартибига чиққан депутат футболчиларни кутиб олиш маросимида улардан фахрланишини айтди.

Бу сафар ўз фикрларига изоҳ бериб, миллий жамоани қўллаб-қувватлашини ва билдирилган танқидлар футболчиларнинг ўзига эмас, ўзбек футболининг келажагига қаратилганини таъкидлади.

Vaqt.uz журналисти Қодировдан бир мавзуда билдирилган икки хил фикрга муносабат сўраганида у қуйдагича жавоб берди.

«Ота фарзандини ёмон кўргани учун эмас, аксинча, унга яхшиликни раво кўргани ва қаттиқ меҳри сабабли тарбиялайди. Миллий жамоага келсак, уларни ёмон кўришнинг асло иложи йўқ. Жамоа натижаларини баъзида ҳатто футболчиларнинг ўзидан ҳам оғирроқ қабул қилишимиз бизни танқидга ундайди. Лекин бизда бошқа Ўзбекистон, бошқа миллий жамоа йўқ.

Бугун футболчиларни кутиб олишга чиқдим. Балки, ўша танқидларимиз йигитларга руҳан ёмон таъсир қилгандир, балки шу босим учун ҳозир пушаймон ҳам бўлаётгандирман. Лекин шуни аниқ айтишим мумкинки, мен бу жамоанинг танасига зирапча киришини хоҳламайман. Йигитлар жуда оғир зарбани қабул қилишди, бироқ бу зарба аслида ўзбек футболининг келгуси ривожланиш йўлини очиб берди. Бу футболчиларнинг ҳақиқий ғалабаси шундаки, улар зарбани биринчи бўлиб ўзларига қабул қилиб, келажак сари йўл очдилар», —  деди Қодиров.

Шунингдек, дарвозабон ўзгариши керак деган фикрини ҳам изоҳлаб, танқидлари дарвозабонга эмас, уларни ўйинга тайёрлайдиган масъул ходимларга нисабатан қаратилганини таъкидлади.

Саида Мирзиёева Макрон билан учрашди

Бу ҳафта Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Франция Президенти Эммануэль Макрон билан учрашди.

Мирзиёева Макронга эътибор ва илиқ қабул учун миннатдорлик билдиришини айтиб, учрашувда Ўзбекистон Президентининг самимий тилакларини етказганини таькидлади.

Шунингдек, у давлатларни энг муҳим стратегик соҳалардаги узоқ муддатли шериклик муносабатлари боғлаб туришини қайд этган. Шу билан бирга, Саида Мирзиёева келгусида ҳар икки мамлакат учун манфаатли бўлган яна кўплаб ташаббуслар ва қўшма лойиҳалар амалга оширилишига ишонч билдирган.

Мирзиёева Франция Ҳукуматининг Европа ва ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро билан ҳам учрашди. 

Унинг қайд этишича, Франция мамлакатнинг Европадаги муҳим стратегик ҳамкорларидан бири бўлиб қолмоқда. Ўзаро алоқалар энергетика, транспорт, инфратузилма, таълим ва соғлиқни сақлаш каби йўналишларни қамраб олган.

Шунингдек, Ўзбекистон Марказий Осиёда ишончли ва барқарор ҳамкор сифатидаги мавқеини сақлаган ҳолда, Франция ва умуман Европа билан шерикликни изчил равишда янада мустаҳкамлашни мақсад қилгани билдирилди.

Қолаверса, Амир Темур ҳақидаги опера Париждаги Версаль саройида ижро этилди. Мирзиёева «Тамерлано» операсида ҳам шахсан иштирок этди.

Хусусий боғчада болаларга нисбатан зўравонлик бўлди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги хусусий мактабгача таълим ташкилотларидан бирида тарбиячилар томонидан болаларга нисбатан жисмоний тазйиқ ва шафқатсиз муносабатда бўлингани акс этган видеолавҳалар тарқалиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.

Муҳокамалар ортидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳолатни ўрганишни бошлади.

Хабарларга кўра, ушбу ҳолат юзасидан «Rayyan Kids Land» хусусий боғча лицензиясини бекор қилиш бўйича судга ариза киритилган, шунингдек, жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, «Vaqt.uz» нашри ҳам вазият юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги матбуот хизмати билан боғланиб, расмий изоҳ олди. Вазирлик ҳолат тўлиқ назоратга олингани ва қонун доирасида қатъий чоралар кўрилишини билдирди.

Мутахассислар ва жамоатчилик вакиллари эса бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун назорат механизмларини кучайтириш, тарбиячиларни танлаш ва ишга қабул қилиш жараёнларида психологик текширувларни жорий этиш зарурлигини таъкидламоқда.

Қамчибек Ташиев айбдор деб топилди

Бу ҳафта Қирғизистон президентининг собиқ энг яқин сафдоши, мамлакат махсус хизматларини бошқарган Қамчибек Ташиев ва бошқа собиқ юқори мартабали мулозимларга суд ҳукми ўқилди.

Суд қарорига кўра, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Қамчибек Ташиев, парламентнинг собиқ спикери Нурланбек Тургунбек ўғли ва собиқ депутат Қурманқул Зулушев ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уриниш иши бўйича айбдор деб топилди.

Уларга тўрт йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, пробация қўлланилган ҳолда суд залидан озод этилди. Шу билан бирга, суд барча айбланувчиларнинг мол-мулкини мусодара қилиш ҳақида ҳам қарор чиқарди.

Энг эътиборлиси, давлат айблови олдинроқ тўққиз йиллик қамоқ жазосини сўраган бўлса-да, суд якунги ҳукмда айрим айбловлар бўйича оқлов ҳам чиқарди. Ҳимоя томони эса ишда етарли далиллар йўқлигини таъкидлаб, айбловларни рад этмоқда. Ҳукм эълон қилингач, барча судланувчилар суд залидан озод қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Ташиев 30 апрель куни ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш иши бўйича фигурантга айланди. Сиёсатчига мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш айблови ҳам илгари сурилди. Иш махфийлаштирилди ва суд муҳокамалари май ойининг ўрталарида бошланди. Шу тариқа, иш суд томонидан бир ярим ой ичида кўриб чиқилди.

Ўзбекистон майда олтин сотмади

Жаҳон бозорларида активлар нархи тебранаётган бир пайтда, инвесторлар энг кўп ишонадиган «хавфсиз актив» - олтин атрофидаги вазият сўнгги ойларда кескин ўзгаришлар билан кузатилмоқда. Айниқса, нархларнинг бир неча ой ичида ҳам ўсиши, ҳам пасайиши глобал иқтисодий кутилмаларни янада ноаниқлаштирди.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон сўнгги 8 ой давомида олтин сотувини деярли тўхтатган ва бу даврда фақат апрель ойида экспорт амалга оширилган. Бу пайтда экспорт 15,5 фоизга камайиб кетди. Натижада экспорт ҳажмида сезиларли пасайиш кузатилиб, ташқи савдо балансида салбий салдо кескин ўсган.

Мутахассислар бу ҳолатни бир томондан олтинни стратегик захира сифатида сақлаб қолиш сиёсати, иккинчи томондан эса жаҳон бозоридаги нархлар кескин тебранишлари билан изоҳламоқда. Сўнгги даврда олтин нархларининг юқори рекордлардан кейин пасайиш босқичига ўтиши ҳам қарорларга таъсир қилган омиллардан бири сифатида кўрсатилмоқда.

Марказий банк бир қанча молия ташкилотларини жаримага тортди

Молия тизимида шаффофлик ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи сўнгги йилларда энг муҳим регулятор йўналишларидан бирига айланган бир пайтда, Марказий банк томонидан ўтказилган назорат тадбирлари яна бир бор банк секторидаги ички назорат ва хизмат кўрсатиш стандартларига эътиборни кучайтирди.

Регулятор маълумотига кўра, «сирли мижоз» усулида ўтказилган текширувлар ҳамда 2026 йил биринчи чорагидаги мониторинглар натижасида бир қатор банклар ва микромолия ташкилотларида қонунчилик талабларига риоя этилмаган ҳолатлар аниқланган. Натижада «Uzum bank», «Ipoteka bank» ҳамда «Shaffof-moliya», «Tezcoin» каби молиявий ташкилотлар жаримага тортилди.

Шу билан бирга, кенг кўламли текширувлар доирасида жами 14 та банкка нисбатан 681,5 млн сўм миқдорида жарима қўлланилгани маълум қилинди.

Шундан, «Agrobank»ка нисбатан 255 млн сўм, «Sanoatqurilishbank»ка нисбатан 119,5 млн сўм жарима белгиланди.

Регулятор бу қарорларни истеъмолчилар билан муносабатларда ошкоралик, ахборот тўлиқлиги ва кредит шартномаларидаги қонунбузарликларни бартараф этиш мақсадида қабул қилинганини таъкидламоқда.

Теглар

Нозима Қаршибоева

Нозима ҚаршибоеваМақолалар сони: 54

Барчаси

Мавзуга оид