
Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президентининг табригига жавоб йўллади
Аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров UNESCO Бош конференцияси сессиясининг очилиши муносабати билан Шавкат Мирзиёевга табрик йўллаган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Президенти Садир Жапаровга унинг Самарқандда UNESCO Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиши муносабати билан йўллаган табрикномасига жавобан мактуб йўллади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.
Мактубда Президент Қирғизистон томони ушбу тадбирга нуфузли делегациясини юборгани учун миннатдорлик изҳор этган.
«Мазкур халқаро форум сўнгги қирқ йил ичида илк бор UNESCO Бош қароргоҳидан ташқарида — қадимий Самарқанд шаҳрида ўтказилаётгани Марказий Осиё минтақасининг умумий муваффақияти экани, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори тобора ошиб бораётгани ҳақидаги илиқ сўзларингиз биз учун ғоят қадрлидир», — дейилади.
«Конференцияда илгари сурилган муҳим ташаббуслар ва қабул қилинадиган қарорлар таълим, фан ва маданият соҳасида глобал ҳамкорликнинг янги уфқларини очиши, ўзаро дўстлик муҳитини янада кучайтириши ҳақидаги фикрларингизга ҳам тўлиқ қўшиламан», — дея қайд этган Мирзиёев.
«Аминманки, ўртамиздаги чин қардошлик ришталарининг тобора мустаҳкамланиб бораётгани ва бўлажак олий даражадаги мулоқотларимиз стратегик шериклигимизни юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади», — дейилади мактубда.





