Шавкат Мирзиёев қирол Филиппни Ўзбекистонга таклиф қилди

Президент ва Белгияликлар қироли Филипп Лакен саройида учрашув ўтказди.

Шавкат Мирзиёев қирол Филиппни Ўзбекистонга таклиф қилди

Бугун, 24 октябр куни Брюссел шаҳрига расмий ташриф доирасида Лакен саройида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг белгияликлар қироли Филипп билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилган.

«Қирол Филипп Ўзбекистон етакчисининг ЕИ раҳбарияти билан музокараларининг якунларини юксак баҳолаб, мамлакатимиз етакчисини Европа Иттифоқи билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги тарихий битим имзолангани билан самимий табриклади», - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Ўзбекистон – Белгия муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган. Вазирлар даражасида фаол мулоқотлар йўлга қўйилган, сиёсий маслаҳатлашувлар мунтазам ўтказилмоқда, икки мамлакат парламентларида дўстлик гуруҳлари ташкил этилган.

Маданий-гуманитар ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Тошкент ва Кортрейк, Самарқанд ва Леж шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилган. Кортрейкда буюк аллома Абу Али ибн Синонинг бюсти очилган.

«Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, Бельгия компаниялари Ўзбекистонда, хусусан, тўқимачилик, логистика ва хизмат кўрсатиш соҳаларида муваффақиятли иш олиб бормоқда. Ўтган йили Тошкентда Бенилюкс мамлакатларининг савдо палатаси очилди», - дейилади хабарда.

Суҳбат чоғида Белгия компаниялари вакилларининг Ўзбекистонга ташрифларини ташкил этиш, шунингдек, маданий тадбирларни ўзаро ўтказиш муҳимлиги таъкидланган.

Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев Қирол Филиппни ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этган.

Теглар

Мавзуга оид