Logo

Шавкат Мирзиёев рафиқаси ҳамроҳлигида давлат ташрифи билан Жанубий Кореяга етиб борди

Давлат раҳбари ташрифнинг биринчи кунида Кореяда ишлаётган ва таҳсил олаётган ўзбекистонликлар билан учрашди. Ташриф давомида Корея президенти Ли Чже Мён билан музокаралар ва биринчи «Марказий Осиё — Корея» саммитида иштирок этиш режалаштирилган.

Шавкат Мирзиёев рафиқаси ҳамроҳлигида давлат ташрифи билан Жанубий Кореяга етиб борди © president.uz

Шавкат Мирзиёев рафиқаси ҳамроҳлигида давлат ташрифи билан Сеул шаҳрига борди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Президентни Сеулдаги Корея Ҳарбий-ҳаво кучлари авиабазасида расмийлар кутиб олди. Олий мартабали меҳмонни тантанали кутиб олиш маросими ўтказилди.

Давлат раҳбари шарафига фахрий қоровул саф тортди ва артиллерия тўпларидан салют берилди. Шавкат Мирзиёевни бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Ку Юн Чхол ҳамда бошқа расмийлар кутиб олди.

Шундан сўнг президент Кореяда меҳнат қилаётган ва таҳсил олаётган ўзбекистонликлар билан учрашди. Улар билан суҳбатда ватандошларнинг иши, ўқиши ва келажак режалари ҳақида сўради.

Мулоқот давомида Ўзбекистонда амалга оширилаётган янгиланишлар, ватандошларнинг орзу-интилишлари ҳамда давлат ташрифи доирасида режалаштирилган тадбирларнинг аҳамияти юзасидан фикр алмашилди.

Шавкат Мирзиёев ватандошларга иш ва ўқишларида муваффақият тилаб, Кореяда эгалланаётган замонавий билим, кўникма ва тажриба келгусида Ўзбекистон тараққиёти ва аҳоли фаровонлигига хизмат қилишига ишонч билдирди.

Ташриф доирасида нималар режалаштирилган?

Vaqt.uz аввалроқ Марказий Осиё — Жанубий Корея саммити ва Сеулнинг минтақага қизиқиши сабаблари ҳақида ёзган эди. 16-сентябрда Сеулда ўтадиган биринчи саммитда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари иштирок этади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон — Корея бизнес форумининг очилишида ҳам нутқ сўзлаши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид