Logo

Шавкат Мирзиёев Россия билан ҳамкорликнинг янги босқичини эълон қилди

Ўзбекистон президенти Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида Марказий Осиёнинг иқтисодий аҳамияти ортиб бораётгани таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев Россия билан ҳамкорликнинг янги босқичини эълон қилди © Президент матбуот хизмати

Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми ялпи йиғилишида сўзга чиққан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё мустақил иқтисодий ўсиш марказига айланаётганини билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, минтақа транспорт, технология ва демографик салоҳияти орқали Шимол ва Жануб, Ғарб ва Шарқни боғловчи муҳим коммуникация чорраҳасига айланмоқда.

Давлат раҳбари мазкур тенденцияни мустаҳкамлаш учун транспорт ва энергетика йўлакларини ривожлантириш билан бирга рақамли, тўлов ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларини ҳам интеграция қилиш зарурлигини қайд этди.

Президентнинг фикрича, иқтисодий жиҳатдан ўзаро боғланган, очиқ ва барқарор Марказий Осиё барча шерик давлатлар манфаатларига жавоб беради.

Россия билан ҳамкорлик кенгаймоқда

Президент Мирзиёев Россияни Ўзбекистоннинг вақт синовидан ўтган стратегик шериги ва иттифоқчиси деб атади. Унинг маълум қилишича, сўнгги ўн йилда икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 4 миллиард доллардан 13 миллиард долларгача ошган.

Бугунги кунда Россия иштирокидаги қўшма лойиҳалар портфели 50 миллиард доллардан ортиқни ташкил этмоқда. Ҳудудлараро ҳамкорлик доирасидаги лойиҳалар ҳажми 5 миллиард долларга етган бўлса, яна 5 миллиард долларлик янги инвестиция пакети тайёрланмоқда.

Президент шунингдек, Россия иштирокида Ўзбекистонда биринчи гибрид атом электр станцияси қурилиши бошланганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, мазкур лойиҳа янги муҳандислик мактабини шакллантириш ва илғор технологияларни ўзлаштиришга хизмат қилади.

«Атомдан тинч мақсадларда фойдаланиш бўйича бошқа соҳалар – тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, саноат ва илм-фанда ҳам ҳамкорликда иш олиб бориш ниятидамиз», – деди президент.

Янги ташаббуслар ва инвестициялар

Давлат раҳбари «Евроосиё технологик саноатлаштириш камари» ташаббусини илгари суриб, уни Тошкентда ўтказиладиган «INNOPROM. Марказий Осиё» кўргазмаси платформасида амалга оширишни таклиф қилди.

Лойиҳа саноат кластерлари ва ишлаб чиқариш занжирларини ягона рақамли платформа орқали боғлашни назарда тутади.

Шунингдек, «Самарқанддан Петербурггача» креатив-туристик йўлаги лойиҳасини ишга тушириш таклиф этилди.

Лойиҳа доирасида фестиваллар, музей кўргазмалари, гастрономик ҳафталиклар ва маданий тадбирларни биргаликда ташкил этиш режалаштирилган.

Теглар

Мавзуга оид