Шавкат Мирзиёев Туркия ва Покистон билан тузилган инвестиция битимлари миқдорини айтди

Айрим раҳбарлар инвестиция ҳисобидан экспортни кўпайтиришни ўйлашнинг ўрнига ички бозор тўлган маҳсулот ишлаб чиқаришни таклиф этаётгани танқид қилинди.

Шавкат Мирзиёев Туркия ва Покистон билан тузилган инвестиция битимлари миқдорини айтди

Ўзбекистонда 2026 йил 50 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш бўйича режа қилинган. Бу ҳақда бугун, 13 феврал куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида ўтказилаётган тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда маълум қилинди.

Президент янги лойиҳалар, энг аввало, юқори қўшилган қийматли ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришга, хомашё ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланишга, юқори даромадли иш ўринларини яратиб, меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилиши кераклигини яна бир бор қайд этди.

Лекин айрим раҳбарлар инвестиция ҳисобидан экспортни кўпайтиришни ўйлашнинг ўрнига ички бозор тўлган маҳсулот ишлаб чиқаришни таклиф қилаётгани қайд этилди. Масалан, Учқўрғон туманида 40 миллион долларлик 2 та ип-калава ишлаб чиқариш заводини қуриш таклиф этилган. Ваҳоланки, Намангандаги 110 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарадиган 24 та корхона бор. Бу вилоятда олинадиган пахта толасидан 1,5 баробар кўп. Ёки Оҳангарон туманида 35 минг тонна базалт плиталари ишлаб чиқариш режа қилинмоқда. Бироқ республикада 12 та бундай корхона бор. Бозор топа олмагани учун 6 таси тўхтаб қолган, 1 та корхона сотувга қўйилган.

Қайд этилишича, Сирдарёда 10 доллар инвестиция атиги 1 долларлик қўшилган қиймат бермоқда. Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарёдаги лойиҳаларда ҳам шу ҳолат кузатилган. Мутасаддилар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларга 2026 йилги инвестиция дастурига киритиш таклиф этилаётган лойиҳаларнинг бозори, экспорти, яратадиган қўшилган қиймати ва иш ўрнини тўлиқ таҳлил қилиш топширилди. Умуман, инвестиция лойиҳалари билан ишлаш бўйича янги тизимга ўтилиши белгиланди.

“Ягона миллий лойиҳа бошқаруви” платформаси яратилади

Фақат инвестиция олиб келиб, лойиҳани ишга тушириш етарли бўлмаслиги, балки ҳар бир лойиҳа тўлиқ ишлаши, юқори қўшилган қиймат яратиб, ташқи бозорга чиқишига, иш ўринларини тўлиқ сақлаб қолишига ҳам эътибор қаратилади. Бунинг учун дастурга кирган ҳар бир лойиҳани ишга тушгандан кейин уч йил мониторинг қиладиган “Ягона миллий лойиҳа бошқаруви” платформаси яратилади.

Ўтган йили техник-иқтисодий асос ишлаб чиқиш, ускуна олиб келиш, молиялаш, инфратузилма, ер масаласи вақтида ҳал бўлмагани учун 55 та йирик лойиҳа кечиккан. Шу боис, бу йилги инвестиция дастури доирасида қиймати 165 миллиард долларлик 377 та стратегик лойиҳа алоҳида назоратга олинади.

Йил бошидан бери 10.4 млрд доллирлик битимлар тузилди

Ўтган йили хорижий ташрифлар доирасида 135 миллиард долларлик келишувларга эришилди. Бундан ташқари, шу йилнинг ўзида Туркия билан 9 миллиард, Покистон билан 1 миллиард 428 миллион долларлик инвестиция битимлари имзоланди.

Вазирлар, тармоқ раҳбарлари ёки ҳокимлар ушбу лойиҳаларнинг пайсалга солинишига йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисида огоҳлантирилди. Маълумот учун, президент Шавкат Мирзиёев 29 январ куни Туркия, 5-6 феврал кунлар Покистонда расмий ташриф билан бўлган эди.

Билдирилишича, инвестиция кўпайгани ҳисобига қурилиш ҳам ошади. Мутасаддиларга бу йилги қурилиш ҳажмини 400 триллион сўмга олиб чиқиб, соҳада камида 17 фоиз ўсишни таъминлаш топширилди. Жорий йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси учун бюджетдан 40 триллион сўм берилмоқда. Бу қурилиш, қурилиш материали, металлургия ва электротехника корхоналари учун катта бозор.

Лекин ҳудудлардаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниялари қурилиш сифати ва самарадорлигини назорат қилишга улгурмаяпти. Шу боис, Қорақалпоғистон, Самарқанд ва Фарғонада буюртмачи хизматларига тажриба тариқасида хусусий секторни жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Теглар

Мавзуга оид