
Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти билан суҳбатлашди
Туркманистон президенти давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Мулоқот давомида икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, «Тошкент-Ҳумо» халқаро аэропортида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва давлат ташрифи билан келган Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов суҳбат ўтказдилар.
Мулоқот чоғида давлат раҳбарлари бир-бирларини қутладилар ва икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Шундан сўнг Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовни расмий кутиб олиш маросими бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни шоҳсупага таклиф қилди.
Ҳарбий оркестр ижросида давлат мадҳиялари янгради. Фахрий қоровул тантанали равишда президентлар олдидан саф тортиб ўтди.
Етакчилар расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.
Таъкидланишича, ташрифнинг асосий тадбирлари эртага, 17 ноябр куни бўлиб ўтади. Олий даражадаги музокаралар давомида Ўзбекистон – Туркманистон стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинади.





