Logo

ШҲТ–2040: Шавкат Мирзиёев янги тараққиёт стратегиясини таклиф қилди

Бугун 13:542 дақиқа

Президент бир қатор янги ташаббуслар қаторида «ШҲТ – 2040: умумий тараққиёт макони» концепциясини ишлаб чиқиш, Саноат кооперацияси харитасини яратиш ва ШҲТ Тараққиёт банкини амалда ишга тушириш ташаббусини илгари сурди.

ШҲТ–2040: Шавкат Мирзиёев янги тараққиёт стратегиясини таклиф қилди © Foto: president.uz

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1-сентябрь куни Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг юбилей йиғилишида иштирок этди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров раислигида ўтган йиғилишда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари, ташкилот бош котиби Нурлан Ермекбаев ҳамда ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Уларбек Шаршеев қатнашди.

Йиғилиш кун тартибидан ШҲТнинг 25 йиллик фаолияти давомида эришилган натижалар, минтақада барқарорликни мустаҳкамлаш, ҳамкорликни кенгайтириш ва биргаликдаги тараққиётни давом эттириш масалалари ўрин олди. Шунингдек, долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Йиғилишда делегациялар раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон халқини Мустақиллик куни билан табриклади. Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакат барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ички ва ташқи сиёсат юқори баҳоланди.

Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти ва халқига давлат суверенитетининг 35 йиллиги муносабати билан табрик йўллади. Шунингдек, Қирғизистоннинг ШҲТга раислиги даврида эришилган натижаларни юқори баҳолаб, йиғилиш кун тартиби ва қарорлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон бир қатор янги ташаббусларни илгари сурди

Президент ШҲТ чорак аср давомида ўзининг зарурлиги ва самарадорлигини намоён этганини таъкидлади. Ўзбекистон ташкилотнинг очиқ, блоклардан холи ва тинчликсевар ҳамкорлик платформаси сифатида ривожланишини қўллаб-қувватлаб келаётгани қайд этилди.

Шу нуқтаи назардан, «ШҲТ – 2040: умумий тараққиёт макони» концептуал қарашини ишлаб чиқишни бошлаш таклиф қилинди. Унда инвестициялар, технологиялар ва билимлар эркин алмашиладиган, йирик инфратузилма ва саноат лойиҳалари амалга ошириладиган, мамлакатлар, бизнес ва одамлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар кенгаядиган ўзаро боғлиқ маконни шакллантириш мақсад қилинган.

Шунингдек, ШҲТ Саноат кооперацияси харитасини ишлаб чиқиш таклиф этилди. У махсус иқтисодий зоналар, ишлаб чиқариш жараёнлари, сотув бозорлари ва логистика тизимини тадбиркорлар, инвесторлар ҳамда давлат тузилмалари учун ягона рақамли платформада бирлаштиришни назарда тутади.

Президент ШҲТ Тараққиёт банкини амалда ишга тушириш, Ҳукумат раҳбарлари кенгаши томонидан транспорт, энергетика, саноат кооперацияси ва рақамли инфратузилма бўйича лойиҳалар портфелини шакллантиришни бошлаш муҳимлигини ҳам қайд этди.

Теглар

Мавзуга оид