Logo

«ШҲТ плюс» доирасида инвестиция, технология ва таълим бўйича янги платформалар яратилади

Шавкат Мирзиёев «ШҲТ плюс» доирасида юқори технологиялар, инвестициялар ва таълим соҳаларида ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган қатор янги ташаббусларни илгари сурди.

«ШҲТ плюс» доирасида инвестиция, технология ва таълим бўйича янги платформалар яратилади © president.uz

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «БМТ адолатли дунё тартиботининг асосий бўғини сифатида: «ШҲТ плюс» давлатларининг кўп қутбли дунёни шакллантиришга қўшаётган ҳиссаси» мавзусидаги учрашувда иштирок этди.

«ШҲТ плюс» форматидаги тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар делегациялари ва ташкилотнинг доимий фаолият юритувчи органлари раҳбарлари, кузатувчи ва ҳамкор мамлакатлар етакчилари, фахрий меҳмонлар, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳамда халқаро ташкилотларнинг юқори лавозимли вакиллари қатнашди.

Шавкат Мирзиёев нутқида дунёдаги ўзгаришлар шароитида БМТ ва минтақавий тузилмаларнинг ролини кучайтириш масаласига тўхталди.

Президентнинг таъкидлашича, БМТ ўзининг марказий ва мувофиқлаштирувчи ролини сақлаб қолиши, минтақавий ташкилотлар эса маҳаллий шароит, эҳтиёж ва имкониятларни ҳисобга олган ҳолда умумий тамойиллар ҳамда қарорларни амалга оширишда кўмаклашиши лозим.

Ўзбекистон Европа ва Осиёни қамраб олган маконда очиқ ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тарафдори экани қайд этилди. Давлат раҳбари ўзаро боғлиқликни стратегик мустақиллик ва барқарорлик омили сифатида баҳолади.

«ШҲТ плюс» учун янги вазифалар белгиланди

Шавкат Мирзиёев «ШҲТ плюс» форматида барқарор ўсиш, юқори технологияларни жорий этиш, иқлим ўзгаришига мослашиш, инсон капиталини ривожлантириш, таълимни оммалаштириш ва ёшларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича минтақалараро мулоқот майдонини ривожлантиришни таклиф қилди.

Шунингдек, тажриба алмашиш ва ёндашувларни мувофиқлаштириш, БМТ доирасида умумий ечимларни илгари суриш мақсадида минтақавий ташкилотларнинг Ҳамкорлик тармоғини яратиш учун мазкур форматдан платформа сифатида фойдаланиш мумкинлиги билдирилди.

fbbd03fd-6da7-3c05-1b08-c3d802c87faf_lists_slider_9568

БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда минтақавий ташкилотлар салоҳиятидан янада фаол фойдаланиш ҳам устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилди.

Табиатдан оқилона фойдаланиш, «яшил» энергетика, рақамли хизматлар ва соғлиқни сақлаш соҳаларида минтақалараро лойиҳалар ҳамда технологияларнинг Очиқ банкини шакллантириш таклиф этилди.

«ШҲТ Инвест» доимий платформага айланиши мумкин

Йиғилишда иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Шавкат Мирзиёев бизнес учун бозорларга кириш тартибларини соддалаштириш, трансчегаравий транспорт йўлакларини ишга тушириш ва тўғридан-тўғри инвестициялар оқимини ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Шу мақсадда «ШҲТ Инвест» форумига доимий фаолият юритувчи платформа мақомини бериш ташаббуси илгари сурилди.

Шунингдек, турли сиёсий тизим, маданий анъана ва дунёқарашга эга мамлакатларнинг ҳамкорлик борасидаги тажрибасини ривожлантириш учун «ШҲТ плюс» маданиятлар ва цивилизациялар доимий форумини таъсис этиш таклиф қилинди. Ушбу форумни илм-фан ва маърифатнинг қадимий маркази бўлган Хива шаҳрида ўтказиш таклиф этилди.

Президент «ШҲТ плюс» замон талаб қилаётган мулоқот майдони эканини таъкидлаб, мамлакатлар ва минтақалар ўртасидаги умумий манфаатлар қанчалик кўп бўлса, барқарорлик ва ўзаро ишонч учун асос ҳам шунчалик мустаҳкам бўлишини қайд этди.

Теглар

Мавзуга оид