Logo

Шовқиндан жабр кўрганларга компенсация тўланиши мумкин

Бугун 11:273 дақиқа

Ўзбекистонда аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган янги қонун Сенат томонидан маъқулланди.

Шовқиндан жабр кўрганларга компенсация тўланиши мумкин

Сенатнинг 13 июн куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида «Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилиб, маъқулланди. Муҳокамалар давомида мамлакатда саноат корхоналари сонининг ортиши, кенг кўламли қурилиш ишлари, шаҳарлар ҳудудининг кенгайиши ва транспорт воситалари сонининг кўпайиши аҳоли ҳаётида шовқин таъсирини кучайтириб бораётгани таъкидланди.

Сенаторлар фикрича, амалда аҳоли саломатлиги ва осойишталигига салбий таъсир кўрсатувчи шовқинларга қарши курашишни комплекс тартибга солувчи ягона ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас. Шу сабабли мазкур соҳада аниқ механизмларни белгилаш зарурати юзага келган.

Саломатликка жиддий хавф

Сенатнинг аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Сайёра Сапаевна Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига таяниб, шовқин инсон саломатлигига таъсир қилувчи энг муҳим экологик хавф омилларидан бири эканини қайд этди.

Унинг таъкидлашича, юқори даражадаги доимий шовқин инсоннинг эшитиш қобилиятига салбий таъсир кўрсатиб, ҳатто карликка сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, шовқин юрак-қон томир касалликларини келтириб чиқариши, асаб тизими фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши ҳам аниқланган.

Тадқиқотлар доимий шовқин шароитида инсонларнинг меҳнат унумдорлиги 10 фоиздан 30 фоизгача пасайишини кўрсатган. Болалар ва ёшларга таъсири эса янада юқори баҳоланмоқда. Айниқса, мактаблар ва болалар боғчалари атрофидаги юқори шовқин даражаси таълим сифатига салбий таъсир кўрсатиши қайд этилди.

Амалдаги меъёрлар ва муаммолар

Санэпидқўм раиси биринчи ўринбосари Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда турар жой ҳудудлари учун кундузги шовқин меъёри 45 децибелни, тунги дам олиш вақти учун эса 35 децибелни ташкил этади.
Мажлисда қайд этилишича, шовқиннинг зарарли таъсири бўйича еттита санитария норма ва қоидаси амал қилиб келаётган бўлса-да, қонунчиликда қатъий талаблар белгиланмаган. Бу эса мазкур санитария талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлашда муаммолар келтириб чиқармоқда.

Шу билан бирга, инсон саломатлиги учун зарарли бўлган ва рухсат этилган даражадан юқори шовқин келтириб чиқараётган объектларни жавобгарликка тортиш тартиби ҳам етарлича аниқ белгиланмагани таъкидланди.

Қонунда нималар назарда тутилмоқда?

Янги қонун билан аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишнинг умумий қоидалари, давлат органларининг ушбу соҳадаги ваколатлари ва амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Ҳужжатда фуқароларнинг осойишталиги ва нормал дам олишини бузадиган шовқин турлари, бундай ҳаракатларга йўл қўйилмайдиган вақт оралиқлари ҳамда шовқиннинг зарарли таъсири учун компенсация тўловларига оид нормалар ҳам назарда тутилган.

Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳам аниқ белгилаб берилмоқда.

Сенаторлар фикрича, қонуннинг қабул қилиниши мазкур соҳадаги муносабатларни тартибга солиш, аҳоли саломатлиги ва осойишталигини муҳофаза қилиш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Айни пайтда қонун талаблари табиий шовқинларга, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, қутқарув хизмати, тез тиббий ёрдам кўрсатиш, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш билан боғлиқ кечиктириб бўлмайдиган ишлар натижасида юзага келадиган шовқинларга нисбатан татбиқ этилмайди. Шунингдек, миллий байрамлар, оммавий спорт ва маданий тадбирлар ҳамда диний маросимлар вақтида юзага келадиган шовқинлар ҳам ушбу қонун доирасига кирмайди.

Теглар

Мавзуга оид