
Шубҳали одамлардан ер ва бино сотиб олманг — пойтахт ҳокимлиги тадбиркорларни огоҳлантирди
Жойларда ерни ноқонуний ажратиш ва қурилиш ҳолатлари кўпаймоқда. Ваколатсиз шахсларга ишониш — сармоядан айрилиш хавфини келтириб чиқаради, дейилади баёнотда.

2021 йилдан бошлаб ер участкаларини фақат электрон онлайн-аукцион орқали ажратиш тартиби жорий қилинган. Шунингдек, маҳаллий ҳокимиятлар ерни тўғридан тўғри ажратиш ваколатидан маҳрум этилган.
Шунингдек, ваколатли идоралар ер ажратиш жараёнларида қонунбузарликларга қарши қатъий кураш олиб бормоқда. Бироқ айрим шахслар ҳалигача таниш-билишчилик ва сохта қарорлар орқали ер таклиф қилиб, тадбиркорларни алдовга дучор қилмоқда, дейилади Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Шароф Раҳмоновнинг баёнотида.
Унга кўра, бундай қонунга хилоф схемалар орқали ноқонуний ер сотиб олганлар қонуний ҳимояга эга эмас: у ерлардаги қурилмалар бузиб ташланади ва моддий товон тўланмайди. Ҳатто айбдорлар маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилади.
Мурожаатномада алоҳида таъкидланишича, яшаш массивлари, йўл ҳимоя ҳудудлари, муҳандислик тармоқлари устига қурилаётган ноқонуний иншоотлар аҳоли хавфсизлиги ва инфратузилма учун жиддий таҳдид туғдирмоқда.
Фуқаролардан ўз ҳудудларидаги ноқонуний қурилишлар ҳақида тез фурсатда масъул идораларга хабар бериш сўралди. Тадбиркорлар эса ҳар қандай ер ёки бинога сармоя киритишдан аввал мутахассислар ва юристлардан маслаҳат олишга чақирилди.





