Logo

Швейцария Гулнора Каримованинг 252,5 млн долларлик активларини Ўзбекистонга қайтаради

Бугун 09:352 дақиқа

Маблағлар янги мактаблар қуриш, болалар саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиббий хизматлар сифатини оширишга йўналтирилади.

Швейцария Гулнора Каримованинг 252,5 млн долларлик активларини Ўзбекистонга қайтаради © Ijtimoiy tarmoqlar

24-ноябр куни Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида ноқонуний ўзлаштирилган активларнинг навбатдаги қисмини қайтариш бўйича битим тасдиқланди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.

Битимга кўра, маблағлар «Ишонч — 2030» траст жамғармаси орқали Ўзбекистонга қайтарилади. Ресурсларни тақсимлаш стратегиясининг иккинчи босқичига оид ҳужжат Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фазилкаримов, Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси Симоне Гигер ҳамда БМТнинг мамлакатдаги доимий координатори Сабине Мал томонидан имзоланган.

Маблағлар таълим ва соғлиқни сақлашга сарфланади

Қайтариладиган активларни икки асосий йўналишга тақсимлаш режалаштирилган.

Соғлиқни сақлаш соҳасида болалар ва ўсмирларга тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, касалликларни эрта аниқлаш, айрим онкологик касалликларни даволаш имкониятларини кенгайтириш ҳамда тиббиёт ходимлари малакасини ошириш кўзда тутилган.

Таълим йўналишида эса янги мактаблар қурилишини қўллаб-қувватлаш, таълимга рақамли технологияларни жорий этиш, ўқитувчилар малакасини ошириш ва сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш режалаштирилган.

Бунда, айниқса, қишлоқ ҳудудлари ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имконияти чекланган аҳоли қатламларига эътибор қаратилади.

Аввалги босқичда 87 млн доллар йўналтирилган

«Ишонч — 2030» траст жамғармаси Ўзбекистон, Швейцария ва БМТ ҳамкорлигида Швейцарияда мусодара қилинган активларни мамлакатга қайтариш ва аҳоли манфаатлари йўлида ишлатиш мақсадида ташкил этилган.

Стратегиянинг биринчи босқичида соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига 87 млн доллар ажратилганди. У оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, перинатал хизматларни яхшилаш, таълим сифатини ошириш ҳамда ўқитувчиларнинг рақамли кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилган.

Шунингдек, лойиҳаларни танлаш ва амалга оширишда БМТ ҳамда Жаҳон банки иштирок этади. Маблағларнинг мақсадли сарфланиши ва лойиҳалар натижадорлиги устидан мониторинг олиб борилади. Бу эса эҳтимолий коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга ёрдам беради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гулнора Каримова активларидан молиялаштирилган илк лойиҳа якунлангани ҳақида хабар бергандик. Унга кўра, 2022-йилда Швейцария билан қарийб 131 миллион доллар, 2025-йил февралида эса яна 182 миллион долларни қайтариш бўйича келишувлар имзоланган. Шу тариқа, «Ишонч» жамғармаси орқали Ўзбекистон аҳолиси манфаатларига йўналтирилиши белгиланган маблағлар 313 миллион долларни ташкил этади.

Теглар

Мавзуга оид