Собиқ ҳоким иши режалаштирилган сценарийми?

60 минг доллар пора олишда айбланаётган Наманган шаҳар собиқ ҳокими Анвар Отахўжаевнинг суд жараёни бошланди.

Собиқ ҳоким иши режалаштирилган сценарийми? © Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

2026 йил 24 апрел куни жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон тумани судида Наманган шаҳрининг собиқ ҳокими Анваржон Отахўжаев устидан суд жараёни бошланди. У 60 минг АҚШ доллари миқдорида пора олишда айбланмоқда.

Судда жами 6 нафар судланувчи иштирок этмоқда, 3 нафар судланувчига нисбатан «қамоққа олиш», 3 нафарига эса «муносиб хулқ-атворда бўлиш» тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.

Дастлабки тергов органининг айблов хулосасига кўра судланувчилар Жиноят кодексининг 167, 168, 205, 206, 209, 28,209, 210, 28,211 ва 212-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Мазкур иш Наманган вилояти ҳудудида кўриб чиқилиши режалаштирилган эди. Бироқ ҳимоя томони суд жараёнининг холислиги ва адолатли ўтишига шубҳа билдириб, ишни бошқа ҳудудга ўтказишни талаб қилди. Натижада иш Ўзбекистон тумани судига ўтказилди.

Жиноий иш қўзғатилиши

Тергов маълумотларига кўра, Отахўжаев 2025 йил 2 сентябр куни пора олиш гумони билан ҳибсга олинган. У пойабзал ишлаб чиқарувчи масъулияти чекланган жамият раҳбари билан тил бириктириб, фуқародан 60 минг АҚШ доллар талаб қилган. Бу маблағ эвазига шаҳар марказидаги 35 сотих майдонда жойлашган эски турар-жой бинолари ўрнига кўп қаватли уй қуриш ҳуқуқини таъминлашга ваъда берган.

Ушбу ҳолат Наманган шаҳар ҳокимлиги канцелария бўлими ходимининг кўрсатмаларига асосланган. Бироқ ҳимоя томони бу айбловларга қарши чиқиб, ҳибс вақтида у бошқа ҳудудда хизмат учрашувида бўлганини таъкидламоқда.

«Ишнинг энг баҳсли нуқталаридан бири шуки, 60 минг АҚШ долларини беришда иштирок этган шахсга оид ҳолатдир. Маълум бўлишича, мазкур «жабрланувчи» Наманган вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда камида 16 та жиноят ишида шу мақомда иштирок этган.

Ҳимоя томони бу ҳолатни алоҳида ўрганмоқда ва унинг бошқа ҳудудларда ҳам шундай амалиётларда қатнашган-қатнашмаганини текширмоқда» дея ёзган адвокат Абдумалик Абдууллаев ўзининг шахсий блогида.

Теглар

Мавзуга оид