«SOCAR» Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очади: Устюрт лойиҳасига «British Petroleum» ҳам қўшилди

Бугун 18:522 дақиқа

Президент қабулида бўлган «SOCAR» ва «British Petroleum» раҳбарияти билан нефт-газ соҳасидаги улкан лойиҳалар муҳокама қилинган бўлса, Озарбойжон томони билан 2027 йилда ўтадиган U-20 Жаҳон чемпионатига биргаликда тайёргарлик кўриш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

«SOCAR» Ўзбекистонда ўз ваколатхонасини очади: Устюрт лойиҳасига «British Petroleum» ҳам қўшилди © Foto: president.uz

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 13 май куни «Ўзбекистон энергетика ҳафталиги – 2026» форумида иштирок этиш учун мамлакатга келган Озарбойжоннинг «SOCAR» компанияси бош директори Равшан Нажаф ҳамда «British Petroleum» компанияси раҳбарияти Ариэл Флорес ва Жованни Кристофолини қабул қилди.

Учрашувда энергетика ва нефть-газ соҳасида етакчилардан ҳисобланган ушбу йирик компаниялар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Энергетика соҳасидаги кооперация муваффақиятли кечаётгани мамнуният билан қайд этилди. «SOCAR» компанияси Устюрт платосидаги углеводород конларини ўзлаштириш лойиҳасини амалга оширишда Ўзбекистоннинг шериги ҳисобланади. «SOCAR»нинг Ўзбекистондаги ваколатхонасини очиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ушбу кенг кўламли лойиҳага «British Petroleum» компанияси қўшилганига юксак баҳо берилди.

Нефт-газ соҳасида углеводород хомашёсини қидириш, қазиб олиш ва чуқур қайта ишлаш, нефть ва нефть маҳсулотларини узоқ муддатли етказиб беришни йўлга қўйиш ҳамда тармоқ учун мутахассис кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, Озарбайжон футбол федерациялари ассоциацияси раиси сифатида ҳам фаолият юритаётган Равшан Нажаф давлатимиз раҳбарига 2027 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжонда ёшлар ўртасидаги U-20 жаҳон чемпионатини ўтказишга биргаликда тайёргарлик кўришдаги кўмаги учун миннатдорлик билдирди.

Лойиҳа ҳақида


Ўзбекистон Энергетика вазирлиги хабарига кўра, келишув Бойтерак, Теренгқудуқ, Бирқори, Ҳарой, Қорақалпоқ ва Қулбой блокларини қамраб олади. Бу «BP»нинг Ўзбекистондаги илк лойиҳаси бўлиб, у «Ўзбекнефтгаз» ва SOCAR билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Битимга кўра, улушлар «BP»га 40 фоиз, SOCAR ва «Ўзбекнефтгаз»”га 30 фоиздан тақсимланган. Ҳозирда лойиҳа биринчи босқичда бўлиб, SOCAR оператор сифатида сейсмик қидирув ишларини олиб бормоқда.

Теглар

Мавзуга оид