
Соғлом ва осуда уйқу учун қандай таомланиш керак?
Олимлар овқатланиш таркиби уйқу сифатига бевосита таъсир қилишини аниқлади ва оқсилга бой, углевод миқдори чекланган рацион яхшироқ уйқу билан боғланди.

Соғлом ва чуқур уйқу нафақат кун тартиби, балки кун давомида қандай овқатланишга ҳам боғлиқ экани илмий жиҳатдан тасдиқланди. Жорж Мейсон университети ва Мэн штати соғлиқни сақлаш тадқиқот институти олимлари ўтказган катта кўламли тадқиқот шуни кўрсатдики, рационда белок етишмаслиги ва углеводларнинг ортиқча истеъмоли уйқу сифатига салбий таъсир қилади.
Frontiers in Nutrition журналида эълон қилинган тадқиқотда 66 148 нафар катта ёшли эркак ва аёл иштирок этган. 2007–2020 йиллар давомида олимлар иштирокчиларнинг уйқу сифати, овқатланиш таркиби ва қондаги шакар даражасини қиёсий таҳлил қилган.
Натижаларга кўра, диабет ва диабетолди ҳолатига эга одамлар орасида уйқусизлик ва бўлиниб кетадиган уйқу ҳолатлари анча кўп учраган. Қонда глюкоза даражаси юқори бўлган иштирокчиларда уйқу давомийлиги ҳам меъёрдан оғиши қайд этилган.
Энг салбий натижа паст оқсилли ва ёғга бой рацион билан боғлиқ бўлган. Бундай овқатланиш тури уйқу сифати ёмонлашиши билан барқарор равишда боғланган. Аксинча, углевод миқдори камайтирилган, ёғ улуши эса нисбатан юқори бўлган парҳез уйқу қисқариб кетиши хавфини камайтирган. Бу ҳолат нафақат диабети бор инсонларда, балки соғлом иштирокчиларда ҳам кузатилган.
Олимлар учун кутилмаган жиҳат шундаки, қондаги шакарни жуда қатъий назорат қилиш ва парҳезга ортиқча чекловлар қўйиш ҳам айрим ҳолатларда уйқу сифати ёмонлашиши билан боғлиқ бўлган.
Мутахассислар таъкидлашича, уйқу масаласида ягона ва барчага мос парҳез йўқ. Овқатланиш таркиби, моддалар алмашинуви ва организмнинг индивидуал хусусиятлари инобатга олиниши керак. Шунга қарамай, оқсилга бой ва мувозанатли рацион соғлом уйқу учун муҳим омиллардан бири сифатида ажралиб чиқмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистонда қарийб 67 фоиз аҳоли кунига тавсия этилган миқдорда мева-сабзавот истеъмол қилмаётгани ҳақида хабар берган эдик.





