«Solfy» адвокатлари хорижий инвесторларни Ўзбекистондаги муҳитдан огоҳлантирди

Халқаро юридик фирма «Solfy» ва «Milliy bank» ўртасидаги низо хорижий инвесторлар учун жиддий сигнал бўлиши кераклигини таъкидламоқда. Можаро ортидан эса «Solfy Uzbekistan» раҳбари Ўктам Ҳасанов ҳибсда сақланаётгани айтилмоқда.

«Solfy» адвокатлари хорижий инвесторларни Ўзбекистондаги муҳитдан огоҳлантирди

Лондонда жойлашган «Amsterdam & Partners» юридик фирмаси «Solfy» ва «Milliy bank» ўртасидаги низо халқаро инвесторлар учун жиддий сигнал бўлиши кераклигини билдирди. Бу ҳақда фирма томонидан эълон қилинган пресс-релизда қайд этилган.

Баёнот май охирида Лондон фонд биржасида муомалага чиқарилиши режалаштирилган Ўзбекистон миллий инвестиция жамғармаси IPO’си ҳақидаги хабарлар фонида эълон қилинган бўлиб, унда Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро бозорларга бериладиган очиқ маълумотлари ва мамлакатдаги хорижий инвесторлар дуч келаётган амалдаги вазиятлар ўртасида катта тафовут борлиги қайд этилган.

«Битта хорижий инвесторга муносабат муқаррар равишда барча хорижий инвесторларга муносабатнинг ўрнини босади», — дейди фирма асосчиси Роберт Амстердам.

Бундан ташқари, «Amsterdam & Partners» юристлари «Solfy Uzbekistan» раҳбари Ўктам Ҳасанов 2026-йил 27-мартдан буён қамоқда сақланаётганини қўшимча қилди. У Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан айбланмоқда. 30-апрель куни Ўзбекистон прокуратураси Ҳасановни тергов даврида озодликка чиқариш ҳақидаги илтимосномани рад этган.

Юристлар эса ушбу иш аслида «Solfy» ва давлат банки ўртасидаги фуқаролик-ҳуқуқий тижорий низоси эканини ва Ҳасановни ҳибсга олиш учун қонуний асослар йўқлигига қарамай, эътирозлар ҳисобга олинмаганини даъво қилмоқда.

«Solfy» ушбу жиноий ишни «Solfy Uzbekistan»га давлат банки учун қулай шартларда муроса қилиш бўйича босим ўтказиш воситаси сифатида баҳоламоқда. «Milliy bank» эса барча айбловларни рад этиб, уларни асоссиз деб атаган.

Шунингдек, «Milliy bank» «Solfy» билан судлашиш учун юридик хизматларга қарийб 1 млн доллар сарфламоқда. Банк «CENTIL» адвокатлик фирмаси билан 12 млрд сўмлик тўғридан тўғри шартнома тузган.

Эслатиб ўтамиз, «Amsterdam & Partners» халқаро юридик фирмаси «Milliy bank» ва «Solfy» платформаси ўртасида юзага келган шартномавий низода «Solfy» платформаси ҳамда унинг асосий инвестори Максим Полетаэв манфаатларини ҳимоя қилмоқда.

«Solfy» ва «Milliy bank» ўртасидаги муносабатлар дастлаб финтех соҳасидаги ҳамкорлик сифатида шаклланган. Икки томон ўртасидаги шериклик 2021-йилда бошланган бўлиб, унинг асосий мақсади Ўзбекистон бозори учун инновацион бўлиб тўлаш картасини ишга туширишдан иборат эди.

Бироқ кейинчалик томонлар ўртасида низо юзага келганди. «Amsterdam & Partners» «Solfy» ҳамда унинг инвестори Максим Полетаев манфаатларини ҳимоя қилаётганини маълум қилиб, ўз баёнотида «Milliy bank» вакиллари томонидан Полетаевга нисбатан жиддий таҳдидлар бўлганини иддао қилганди.

Теглар

Рухсора Жовлиева

Рухсора ЖовлиеваМақолалар сони: 1001

Барчаси

Мавзуга оид