«Солиқ» иловаси орқали 82 мингдан ортиқ солиқ ҳуқуқбузарлиги бўйича мурожаат келиб тушди

24.10.2025 | 11:401 дақиқа

2025 йилнинг январ–сентабр ойларида «Солиқ ҳамкор» тизими орқали юборилган мурожаатлар сони 82 мингтадан ошди.

«Солиқ» иловаси орқали 82 мингдан ортиқ солиқ ҳуқуқбузарлиги бўйича мурожаат келиб тушди

Давлат солиқ хизмати маълумотларига кўра, жорий йилнинг 1 октабри ҳолатига кўра «Солиқ» мобил иловасининг «Солиқ ҳамкор» тизими орқали солиқ қонунчилиги бузилиши ҳақида 82 857 та мурожаат келиб тушган.

Мурожаатларнинг асосий қисми — 74 970 таси (90,5 фоиз) чек бермаслик ҳолатларига тўғри келган. Шунингдек, 3 001 та ҳолатда тадбиркорлар тўловни пластик карта орқали қабул қилмагани, 184 та ҳолатда эса харид учун карта орқали оширилган сумма талаб қилингани аниқланган. Қолган 4 702 та мурожаат бошқа турдаги ҳуқуқбузарликларга оид бўлган.

Тақрорий ёки текширув жараёнида бўлганлиги сабабли 41 702 та мурожаат кўриб чиқилмаган. Шу билан бирга, 34 196 та ҳолат бўйича сайёр текширувлар ўтказилиб, уларнинг 98,8 фоизида солиқ ҳуқуқбузарлиги факти тасдиқланган.

Фуқаролар томонидан берилаётган маълумотлар орқали 34 139 та ҳолат бўйича жавобгарлик чоралари кўрилган ва ҳуқуқбузарликларни фош этганларга жами 24,1 миллиард сўм (жарима суммасининг 20 фоизи миқдорида) мукофот тўланган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп мукофот Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди — 6 миллиард сўмдан зиёд. Шунингдек, Самарқанд (2,45 млрд сўм), Тошкент вилояти (2,05 млрд сўм) ва Андижон (1,85 млрд сўм) вилоятлари ҳам юқори кўрсаткич қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, Солиқ қўмитаси норасмий иқтисодий фаолият билан шуғулланган ва шубҳали операцияларда иштирок этган 7 минг 522 та компания ҳақида маълум қилган.

Теглар

Мавзуга оид