Logo

Солиқ имтиёзлари ҳажми 178 трлн сўмдан ошди. Қайси соҳалар энг кўп имтиёз олди?

Бугун 11:202 дақиқа

2025 йилда Ўзбекистонда тақдим этилган солиқ имтиёзларининг умумий ҳажми 178,2 трлн сўмни ташкил қилди. Бу 2024 йилга нисбатан 31,2 фоизга кўп бўлиб, энг катта улуш ҚҚС ҳиссасига тўғри келди.

Солиқ имтиёзлари ҳажми 178 трлн сўмдан ошди. Қайси соҳалар энг кўп имтиёз олди? © manba: nalog.gov.ru

Фискал таҳлиллар институти маълумотларига кўра, 2025 йилда солиқ имтиёзларининг умумий ҳажми 178,2 трлн сўмни ташкил қилди. Бу 2024 йилдаги 135,8 трлн сўмга нисбатан 31,2 фоизга кўп.

Имтиёзларнинг 119,1 трлн сўми Солиқ қўмитаси, 59,1 трлн сўми эса Божхона қўмитаси ҳисобига тўғри келган. Мос равишда улардаги ўсиш 43 фоиз ва 12,6 фоизни ташкил этган.

ҚҚС имтиёзлари энг катта улушни эгаллади

Умумий имтиёзларнинг 114,6 трлн сўми, яъни 64 фоизи қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) ҳиссасига тўғри келган.

Хусусан, ҚҚС бўйича қайд этилган 114,6 трлн сўмлик имтиёзнинг қарийб 85 фоизи экспорт учун ноль ставка, молия ва суғурта хизматларини ҚҚСдан озод қилиш каби солиқ тизимининг асосий элементлари ҳисобланади ва солиқ харажати сифатида баҳоланмайди.

Энг йирик имтиёзлар халқаро шартномалар ва қишлоқ хўжалигига

Фойда солиғи бўйича энг катта имтиёзлар халқаро шартномалар доирасида тақдим этилган. Бундай имтиёзлар 2025 йилдан бошлаб алоҳида ҳисобга олина бошлади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун жорий этилган ноль ставка бўйича имтиёзлар ҳажми 1,7 трлн сўмни ташкил этган.

Мулк солиғи бўйича ҳам асосий имтиёз олувчилар айнан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари бўлиб, уларга 1,7 трлн сўмлик енгиллик берилган. Бу мазкур турдаги барча имтиёзларнинг деярли 50 фоизига тенг.

Таълим ва моддий ёрдам учун ҳам имтиёзлар берилган

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича 18 791 нафар фуқаро иш берувчилари орқали таълим харажатлари учун берилган имтиёздан фойдаланган. Бунинг умумий ҳажми 248 млрд сўмни ташкил этган.

Ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш бўйича (ходимнинг ёки унинг яқин қариндошлари вафоти ҳолатларидан ташқари) 10 164 та иш берувчи 262 млрд сўмлик солиқ имтиёзидан фойдаланган.

31 мингдан ортиқ тадбиркорга пасайтирилган ставка қўлланилган

Айланмадан олинадиган солиқ бўйича энг оммавий имтиёз 2 фоизлик пасайтирилган ставка бўлди. Ундан 31 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фойдаланган.

Асосан аҳолиси 100 минг нафардан кам бўлган шаҳар ва қишлоқлардаги чакана савдо корхоналарига татбиқ этилган ушбу имтиёзнинг умумий ҳажми 106 млрд сўмни ташкил этган.

Теглар

Мавзуга оид