Logo

Сўнгги бир ойда электромобиллар савдоси 63,5 фоизга ошди

Бугун 08:552 дақиқа

Июнь ойида Ўзбекистон автомобиль бозорида фаоллик тикланди. Айниқса, электромобиллар савдоси бир ой ичида 63,5 фоизга ўсди, умумий автотранспорт воситалари олди-сотдиси эса 80 мингтадан ошди.

Сўнгги бир ойда электромобиллар савдоси 63,5 фоизга ошди © Bloomberg

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, июнь ойида Ўзбекистон автомобиль бозорида барча асосий сегментлар бўйича савдолар ўсди. Ой якунида автотранспорт воситалари савдоси 80,2 мингтадан ошиб, май ойига нисбатан 18 фоизга кўпайди.

Электромобиллар савдоси кескин ошди

Июнь ойида бирламчи ва иккиламчи бозорларда жами 8,4 мингта электромобиль сотилди. Бу май ойига нисбатан 63,5 фоизга кўп.

2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида эса 40 мингдан ортиқ электромобиль сотилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоизга ўсишни англатади.

Ҳудудлар кесимида электромобиллар савдосининг энг юқори ўсиши Жиззах вилоятида (101%), Бухоро вилоятида (64,6%) ва Фарғона вилоятида (58,5%) қайд этилди.

Электромобиллар бозорининг асосий қисми эса Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Июнь ойида пойтахтда 5,3 мингта электромобиль сотилди ва бу республика бўйича умумий савдонинг қарийб 63 фоизини ташкил қилди.

Иккиламчи бозор ўсишда етакчи бўлди

Июнь ойида енгил автомобиллар савдоси 61,4 мингтани ташкил этиб, май ойига нисбатан 14 фоизга ошди.

Янги енгил автомобиллар савдоси 11 фоизга ўсиб, 24 мингтага етди. Бу ўсиш асосан маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар ҳисобига таъминланди. Уларнинг савдоси 12 фоизга ошиб, 18,8 мингтани ташкил қилди.

Хорижда ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар савдоси эса 5,1 мингта бўлиб, бир ойда қарийб 7 фоизга ўсди.

Шу билан бирга, фойдаланилган енгил автомобиллар савдоси 16 фоиздан ортиққа ошиб, 37 мингтадан ошди. Июнь ойида иккиламчи бозор енгил автомобиллар бўйича жами савдоларнинг 61 фоизини ташкил қилди.

Сурхондарё ва Хоразмда ўсиш энг юқори бўлди

Июнь ойида автотранспорт воситалари савдоси республика ҳудудларининг деярли барчасида ошди. Фақат Жиззах вилоятида ойлик кўрсаткич 2,2 фоизга пасайган.

Энг юқори ўсиш Сурхондарё (33,7%), Хоразм (32,6%), Сирдарё (29%), Самарқанд (28,3%), Қашқадарё (26,2%) ва Андижон (26%) вилоятларида қайд этилди.

Тошкент шаҳрида эса автотранспорт воситалари савдоси бир ойда 9 фоизга ўсиб, 17,9 мингтага етди.

Vaqt.uz аввалроқ Хитой экспорт қилган бир миллиондан ортиқ электромобиль сотилмай қолгани ҳақида хабар берганди.

Теглар

Мавзуга оид