Совуқ қуролни такроран олиб юрганлик учун қамоқ жазоси жорий этилди
Ўзбекистонда совуқ қурол билан боғлиқ ҳуқуқбузарликни такроран содир этганларга нисбатан жарима билан бирга 15 суткагача қамоқ жазоси қўлланади.
© namangan viloyati iibЎзбекистонда совуқ қуролни ёки шундай мақсадда фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. 17 апрел куни қабул қилинган қонунга мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Янги тартибга кўра, агар бундай ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такроран содир этилса, шахсга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача (2,06 млн сўмдан 4,12 млн сўмгача) жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси тайинланади. Шунингдек, ҳуқуқбузарликда қўлланган буюмлар мусодара қилинади.
Амалдаги тартиб ва ўзгаришлар
Ҳозирда ҳам совуқ қуролни жамоат жойларида очиқ ҳолда олиб юриш учун жарима мавжуд. Агар бу ҳолат қонуний мақсадларда (спорт, касбий ёки маиший эҳтиёжлар учун) содир этилса, БҲМнинг 0,5–1 баравари миқдорида жарима қўлланади.
Бундай ашёлар ўзини ҳимоя қилиш ёки бошқа ноқонуний мақсадларда олиб юрилганда эса жарима БҲМнинг 1 бараваридан 5 бараваригача белгиланади ва буюмлар мусодара қилиниши мумкин.
Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида дастлаб 10 суткагача қамоқ жазоси таклиф этилган эди. Кейинчалик ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиқиб, бу муддат 15 суткагача оширилди.
Қурол назорати кучайтирилди
Шу билан бирга, Қурол тўғрисидаги қонунга ҳам ўзгартиш киритилди. Энди болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсларга қурол сотиб олиш учун рухсатнома берилмайди.
Агар бундай шахсларда қурол мавжуд бўлса, ички ишлар органлари томонидан ҳимоя ордери амал қилган даврда уларнинг қурол ва ўқ-дорилари олиб қўйилади.





