
Сохта чегирмалар: Рақобат қўмитаси тадбиркорларга огоҳлантириш берди
Байрам олдидан акция ва чегирмалар кўпайгани сабаб, Рақобат қўмитаси тадбиркорларни чегирма қоидаларига риоя қилишга чақириб, улар бузилса молиявий жарималар қўлланишини маълум қилди.

Янги йил байрами яқинлашиши билан кўплаб тадбиркорлик субъектлари савдони рағбатлантириш мақсадида турли акция ва чегирмалар таклиф этмоқда. Рақобат қўмитаси бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлашини билдирган ҳолда, истеъмолчилар манфаатларини таъминлаш мақсадида қонунчилик талаби бузилмаслиги кераклигини таъкидлади.
Қўмита маълумотларига кўра, айрим субъектлар томонидан ёлғон чегирмалар эълон қилиш, чегирма миқдори, товар сони ва бошқа муҳим маълумотларни яшириш ҳолатлари кузатилмоқда. 2025 йилда қўмитага келиб тушган 48 мингдан ортиқ мурожаатнинг катта қисми айнан ноўрин ахборот ёки чалғитувчи реклама билан боғлиқ.
Қонунчиликка мувофиқ, сотувчи чегирма эълон қилганда товарнинг охирги 30 кун ичидаги энг паст нархини қайд этиши, истеъмолчининг талабига кўра ушбу маълумотни тақдим этиши шарт. Чегирма аниқ фоиз ёки суммада кўрсатилиши, унинг қачондан қачонгача амал қилиши тўғри баён этилиши лозим.
Шунингдек, агар чегирма чекланган товарга, мавсумий маҳсулотга ёки яроқлилик муддати яқинлашган молга тегишли бўлса, бу ҳақда истеъмолчи олдиндан хабардор қилиниши шарт. Сотувчи чегирмага қадар қўлланган нархни ҳужжат билан асослаши керак. Агар акция истеъмолчидан шахсий маълумот талаб қилса, уларни қайта ишлаш шартлари аниқ тушунтирилиши зарур.
Қўмитанинг таъкидлашича, рағбатлантирувчи акциялар ҳақидаги маълумотлар — амал қилиш муддати, товарлар рўйхати, миқдори ҳамда шартлари аниқ ва тушунарли тарзда тақдим этилиши шарт. Бундан ташқари, алкогол ва тамаки маҳсулотлари, дори воситалари, БАДлар ва энергетик ичимликлар рекламаси бўйича чегирма ёки рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш тақиқланган.
Рақобат қўмитаси тадбиркорларни қонунчилик талабларига қатъий амал қилишга чақириб, улар бузилган тақдирда жавобгарлик ва молиявий жарималар қўлланишини огоҳлантирди.





