add

SSD олтиндан ҳам қимматлашди: СИ чиплар бозорини бўғмоқда

Кеча 15:022 дақиқа

Сунъий интеллект бумидан сўнг катта ҳажмли SSD-дисклар танқис товарга айланиб, оғирлигига нисбатан олтиндан ҳам қиммат бўлиб кетди.

SSD олтиндан ҳам қимматлашди: СИ чиплар бозорини бўғмоқда

Компютер бутловчи қисмлар бозорида кутилмаган парадокс кузатилмоқда: юқори тезликдаги NVMe SSD-накопителлар энди оғирлигига нисбатан олтиндан қиммат. СИ инфратузилмага бўлган кескин талаб сабаб NAND-хотира чиплари танқислиги юзага келди ва 4 ҳамда 8 ТВ ҳажмли дисклар нархи тарихий максимумларга чиқди. Бу ҳақда «Tom’s Hardware» таҳлилида қайд этилди.

Мутахассислар M.2 форматидаги SSD-дисклар вазнини олтин қиймати билан солиштирди. Масалан, радиаторсиз 8 ТВ NVMe диск ўртача 8,2 грамм келади. 2026 йил январ ҳолатига кўра олтиннинг бир грамми тахминан 148 доллар туради, яъни шу оғирликдаги олтин қиймати 1180 доллар атрофида. Аммо бозорда 8 ТВ SSD ўртача 1450–1500 доллар оралиғида сотилмоқда. Шу тариқа, замонавий SSD расман «олтиндан қиммат» тоифасига кирди.

Нархлар ўсишининг асосий сабаби — «кремний очкўзлиги». Йирик яримўтказгич ишлаб чиқарувчилар ишлаб чиқариш қувватларини СИ-серверлар учун чипларга йўналтирмоқда. Натижада, истеъмол бозори учун мўлжалланган NAND-хотира етишмовчилиги кучайди. Айниқса, «Western Digital» ва унинг «SanDisk» бренди маҳсулотларида нархлар энг юқори даражага чиқди.

«Samsung» ва «Corsair» каби рақобатчилар ҳозирча 4 ТВ тезкор моделларни 600–800 долларлик диапазонида ушлаб турибди. Бироқ омборлардаги эски захиралар тез тугаяпти. «PCPartPicker» маълумотлари сўнгги икки ойда SSD нархлари деярли тик ўсганини кўрсатади.

Мутахассислар огоҳлантиради: тақчиллик янада чуқурлашиши мумкин. Аввало 4 ТВ дисклар навбатда — улар ҳам яқин ойларда олтинга тенглашиши эҳтимол. Ҳатто арзонроқ, паст тезликдаги моделлар ҳам 500 доллар атрофида узоқ қолмаслиги мумкин. Сунъий интеллект инқилоби фойдаланувчилар учун янги ҳисоб-китобларни мажбур этмоқда.

Теглар

Мавзуга оид