
Starlink’ка рақобатчи: Amazon ўз сунъий йўлдош интернет тармоғини ишга туширмоқда
Amazon ўзининг узоқ йиллик Project Kuiper сунъий йўлдош интернет ташаббусини янги номда — Amazon Leo сифатида қайта ишга туширди. Компания 2026 йилгача Ер атрофидаги паст орбиталарга 3000 та сунъий йўлдошни жойлаштиришни мақсад қилган.

Amazon Leo номи LEO — Low Earth Orbit (паст Ер орбитаси) тушунчасига ишора қилади ва лойиҳа айнан мана шу орбиталарда фаолият юритади. Бу ребрендинг Amazon’нинг интернет хизмати йўналишида тижорий босқичга ўтишга тайёр эканини кўрсатади.
Лойиҳа интернетга чиқиш имконияти чекланган чекка ва қишлоқ ҳудудларига юқори тезликдаги алоқа хизматини тақдим этишни кўзлайди. Ҳозиргача 6 та космик парвоз амалга оширилиб, жами 72 та сунъий йўлдош орбитага чиқарилган. 2026 йил охиригача бу кўрсаткични 3000 тага етказиш режалаштирилган.
Amazon Leo тўғридан-тўғри SpaceX’нинг Starlink тармоғи билан рақобатга киришади. Бироқ ҳозирча Amazon ўзининг тижорий интернет хизматини ишга туширмаган. Илк фойдаланувчи синовлари 2025 йил охирида, оммавий ишга туширилиши эса 2026 йилда режалаштирилган.
Компания баёнотига кўра, Amazon Leo номи орқали брендни содда, осон тушуниладиган ва бутун дунёда тан олинадиган шаклга олиб чиқиш мақсад қилинган. Бу ўзгариш технология инфратузилмаси тайёр эканини ҳамда фойдаланувчилар учун янги босқич бошланганини англатади.





