add

Стратегик режалаштириш ҳужжатлари рақамли платформа орқали мониторинг қилинади

Стратегик ҳужжатлар ижросини онлайн мониторинг қилиш ва давлат органлари самарадорлигини баҳолашга қаратилган президент қарори қабул қилинди.

Стратегик режалаштириш ҳужжатлари рақамли платформа орқали мониторинг қилинади

ПҚ–394-сонли президент қарори билан стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизимини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш белгиланди. Ҳужжатга мувофиқ, стратегик режалаштириш ҳужжатларининг самарадорлик кўрсаткичларини мониторинг қилиш махсус рақамли платформа орқали амалга оширилади.

Қарорга кўра, стратегик режалаштириш ва ривожланишнинг рақамли платформасида мақсадли кўрсаткичларга масъул бўлган давлат органлари ва ташкилотлари ҳар бир самарадорлик кўрсаткичига эришиш бўйича ҳақиқий маълумотлар, эришилган натижалар ҳамда уларни тасдиқловчи ҳужжатларни доимий равишда киритиб бориши шарт бўлади.

Шунингдек, миллий даражадаги стратегик режалаштириш ҳужжатларининг асосий самарадорлик кўрсаткичлари бўйича давлат органларининг рейтинги шакллантирилади. Ушбу рейтинг Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан давлат органлари фаоллигининг миллий рейтингини тузишда инобатга олинади.

Қарорда рақамли платформанинг молиявий интизомни таъминлашдаги роли ҳам белгиланган. Жумладан, соҳа, тармоқ ва ҳудудларни ривожлантиришга оид дастурларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида маблағ ажратилишини талаб қиладиган масалалар етарлича асосланмаган тақдирда, бундай лойиҳалар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан келишилмайди.

Шу билан бирга, ҳудудларни ривожлантириш бўйича таклиф ва ташаббусларни ишлаб чиқиш жараёнида Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги «Ислоҳотлар штаблари» билан яқин ҳамкорликда иш олиб боради.

Теглар

Мавзуга оид