Суд ижросини таъминлашда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланилади
2027-йил 1-январдан давлат ижрочилари томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг камида 70 фоизи сунъий интеллект технологиялари орқали автоматлаштирилади.

Ўзбекистонда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар қарорларини ижро этиш тизими тубдан рақамлаштирилади. Президент томонидан қабул қилинган янги фармонга мувофиқ, ушбу соҳада замонавий технологиялар жорий этилиб, жараёнларнинг самарадорлиги сезиларли даражада оширилади.
2027-йилдан кутилётган ўзгаришлар
Ҳужжатга кўра, 2027 йил 1 январдан давлат ижрочилари фаолиятида сунъий интеллект технологиялари кенг қўлланилади. Бу орқали қабул қилинадиган қарорларнинг камида 70 фоизи автоматлаштирилиши режалаштирилган. Бу эса инсон омилини камайтириш ва тезкорликни оширишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш билан боғлиқ барча иш юритув жараёнлари электрон шаклга ўтказилади. Ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида барча босқичлар рақамли форматда амалга оширилиши тизим шаффофлигини таъминлайди.
Ижро ҳаракатлари давомида ундирилган пул маблағларини тақсимлаш жараёни ҳам рақамлаштирилади. Бу молиявий операцияларда аниқлик ва ҳисобдорликни кучайтиради.
Фармонда белгиланишича, 2026 йил 1 июлдан бошлаб, суд ҳужжатларига асосан давлат даромадига ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситалари ва кўчмас мулклар давлат ижрочиси қарори билан тўғридан-тўғри Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфига ўтказилади. Бу жараён ортиқча бюрократик босқичларни қисқартиришга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, сунъий интеллект бўйича тасдиқланган этика қоидаларига мувофиқ айрим муҳим қарорларни қабул қилишда фақат сунъий интеллект тизимлари хулосаларига таянишга йўл қўйилмайди. Хусусан:
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига алоқадор юридик аҳамиятга эга қарорлар;
Соғлиқни сақлаш (касалликларни ташхислаш, даволаш усулларини белгилаш ва бошқалар) ва бошқа соҳалардаги қарорлар.





