
Суданда қулаган Ил-76: ҳалок бўлган экипаж аъзолари орасида ўзбекистонликлар борлиги айтилмоқда
Шунингдек, ҳарбий транспорт учоғи саҳнида бўлган Судан армияси аъзоларининг барчаси ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Суданнинг шарқий қисмида жойлашган Порт-Судан шаҳри яқинида ҳарбий транспорт самолёти Ил-76 қўнишга уриниш жараёнида ҳалокатга учради. Ижтимоий тармоқларда воқеадан хабардор манбалар томонидан ҳалок бўлган экипаж аъзолари орасидаги олти киши ўзбекистонлик экани айтилмоқда.
Ҳужжатлар ва махаллий манбаларга кўра, самолёт Осмон Дигна авиабазасига қўниш пайтида ғоят тезликда баландликни йўқотиб, ерга келиб урилган ва дарҳол ёниб кетган.
Маҳаллий ҳукумат ва ҳарбий тузилмалар билдиришича, фалокатга самолётда юзага келган техника носозлиги сабаб бўлган. Носозлик кузатилганидан кейин ҳаво кемаси қандайдир манёвр қилишга улгурмаган ва пастлаш жараёни кескин портлаш билан якунланган.
Судан армияси экипаж аъзоларининг барчаси ҳалок бўлганини тасдиқлади, аммо самолётда айнан қанча киши бўлгани расман ошкор этилмаяпти. Al Arabiya ва бошқа медиага кўра, ҳалок бўлганлар орасида авиацион навигация бўйича таниқли мутахассис Амир Бакри Муҳаммад Ал-Ҳассан ҳамда техник лейтенант Тариқ Ал-Тум Абдулла Яқуб бор. Қолаверса, уларнинг олти нафари ўзбекистонлик экани ҳам айтилмоқда. Манбалар фақат анонимлик шартида маълумот беришга рози бўлган.
Ил-76 — совет иттифоқида яратилган ва Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида ишлаб чиқарилган оғир ҳарбий-транспорт самолёти бўлиб, Судан армияси томонидан фронтлар орасида юк ва шахсий таркиб ташишда йиллар давомида асосий восита сифатида қўлланиб келинган. Шу пайтгача самолёт 40 яга яқин модификацияда 950 тадан зиёд ишлаб чиқарилган. Уларнинг 95 таси турли даврларда авиаҳалокат ва аварияларга учрагани маълум.
Фалокат Судан 2023 йил апрелидан бери чуқур ҳарбий-сиёсий инқироз гирдобида қолган бир пайтда юз берди. Мунтазам армия ва RSF кучлари ўртасидаги қуролли тўқнашувлар юз минглаб одамларнинг ҳаётига нуқта қўйган, тахминан 12 миллион аҳоли эса ўз уйини ташлаб чиқишга мажбур бўлган. Миллионлаб фуқаро ҳануз инсонпарварлик ёрдамига муҳтож, мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида эса жанглар тўхтамасдан давом этмоқда.
Маҳаллий ва халқаро манбалар авиаҳалокат юзасидан расмий тергов бошланганини маълум қилди.





