
Суғурталанган шахсларга ишсизлик нафақаси тўлаб берилади
Ижтимоий суғуртанинг янги тартиби белгиланди: янги қонун фуқароларнинг касаллик, ишсизлик ва туғуруқ билан боғлиқ хавфлардан кафолатли ҳимоясини таъминлашга қаратилган.

2026 йил 1 январдан кучга кириши мўлжалланган «Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, фуқароларга нисбатан ижтимоий суғурта муносабатлари мажбурий ёки ихтиёрий асосда амалга оширилади. Ҳужжатда суғурта муносабатларининг тартиби, тўловлар тузилиши ва уларни олиш шартлари аниқ белгилаб берилди.
Қонунга кўра, давлат ижтимоий суғуртаси қамровига учта асосий суғурта ҳодисаси киради: Касаллик туфайли вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик,
Ҳомиладорлик ва туғиш,
Иш ёки даромадни йўқотиш ҳолатлари.
Ушбу вазиятлар юзага келганда суғурталанган шахслар ёки уларнинг оила аъзолари белгиланган тартибда давлат томонидан тўланадиган нафақаларни олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Қонун давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўланадиган асосий нафақаларни ҳам белгилайди. Улар Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси,
Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси,
Ишдан бўшатиш бўйича тўловлардир.
Мазкур тўловларни тайинлаш ва уларнинг миқдорини ҳисоблаш амалдаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.
Шу билан бирга, суғурта бадаллари тушунчаси ҳам тартибга солинди. Бадал суғурталанган шахс учун давлат суғуртаси жамғармасига амалга ошириладиган ажратма ёки тўловдир. Фуқароларнинг нафақа олишга бўлган ҳуқуқи айнан мазкур бадалларнинг белгиланган тартибда тўланишига боғлиқ қилиб қўйилди.
Янги тартиб ижтимоий ҳимоя тизимини яхшилаш, фуқароларнинг ҳаётий хавфлар олдидаги барқарорлигини ошириш ва давлат томонидан кафолатланган тўловларнинг шаффоф механизмларини таъминлашни кўзлайди.





