Logo

«SunExpress» Ўзбекистонга мунтазам парвозларни бошлайди

Бугун 16:351 дақиқа

Туркиянинг «SunExpress» авиакомпанияси 1-августдан Тошкент ва Измир ўртасида мунтазам рейсларни йўлга қўяди. Компания Ўзбекистон авиация бозорига илк бор кириб келмоқда.

«SunExpress» Ўзбекистонга мунтазам парвозларни бошлайди © Foto: sunexpress.com

Туркиянинг «SunExpress» авиакомпанияси 1-августдан Измир–Тошкент–Измир йўналиши бўйича мунтазам авиақатновларни бошлайди. Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» хабар қилди.

Маълум қилинишича, парвозлар ҳафтасига тўрт марта 189 нафар йўловчига мўлжалланган Boeing 737−800 русумидаги самолётларда амалга оширилади.

Шу тариқа, «SunExpress» Ўзбекистон авиация бозорига биринчи марта кириб келади ҳамда мамлакатга мунтазам рейсларни амалга оширадиган учинчи турк авиакомпаниясига айланади.

Фарғонага ҳам рейслар режалаштирилган

Компания фақат Тошкент билан чекланиб қолмоқчи эмас. Маълумотларга кўра, «SunExpress» келгуси йил бошидан Фарғона водийсидаги аэропортларга ҳам мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Ҳозирда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида мунтазам парвозлар «Туркиш Airlines» ҳамда «АЖет» авиакомпаниялари томонидан амалга оширилмоқда.

Маълумот учун, «SunExpress» авиакомпанияси 1989 йилда «Turkish Airlines» ва «Lufthansa» ҳамкорлигида ташкил этилган бўлиб, Туркиянинг етакчи лоукостерларидан бири ҳисобланади.

Компания Анталия ва Измир шаҳарларида базалашган бўлиб, бугунги кунда у Европа, Яқин Шарқ, Шимолий Африка ва Марказий Осиёнинг 37 мамлакатидаги 250 дан ортиқ йўналиш бўйича мунтазам рейсларни амалга оширмоқда.

Аввалроқ, «Etihad Airways» ҳам 17-августдан Абу-Даби–Тошкент йўналишида тўғридан-тўғри парвозларни бошлашини маълум қилган эди.

Теглар

Мавзуга оид