add

Сунъий интеллект лойиҳалари учун 100 млн доллар ажратилади

31.10.2025 | 14:252611

Президентнинг сунъий интеллект технологиялари лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича қарори қабул қилинди.

Сунъий интеллект лойиҳалари учун 100 млн доллар ажратилади

30 октябрда «Сунъий интеллект технологияларига асосланган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–320-сонли президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Телеграм каналида маълум қилинди.

Мазкур қарордан кўзланган асосий мақсади ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларида сунъий интеллект технологияларига асосланган устувор ва стартап лойиҳаларни молиялаштиришни кенгайтиришдир.

Қарорга кўра, стартап лойиҳаларни молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 2026–2027 йилларда қўшимча 100 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилади. Жумладан, бу маблағнинг 50 млн доллари давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш учун татбиқ этилади.

Шунингдек, қолган 50 млн доллари эса тенг улушларда «Фондлар фонди» ва «IT Park Ventures» венчур жамғармалари устав капиталига Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг улуши сифатида киритилиши орқали сунъий интеллект технологияларига асосланган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун ишлатилади.

Ушбу маблағлар «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштириш комиссияси томонидан тақсимланиши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йил охиригача «ai.gov.uz» — сунъий интеллект миллий портали ишга туширилиши ҳақида хабар қилгандик.

Теглар

Мавзуга оид

Сунъий интеллект лойиҳалари учун 100 млн доллар ажратилади | Vaqt.uz