Сунъий интеллект ва рақамлаштириш бўйича янги вазифалар белгиланди

24 миллион долларлик GPU-кластер ва кенг кўламли маълумотлар базаси — Ўзбекистон сунъий интеллект инфратузилмасини яратишда катта молиявий ва технологик ресурсларни сафарбар этмоқда.

Сунъий интеллект ва рақамлаштириш бўйича янги вазифалар белгиланди © Foto: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев сунъий интеллект ва рақамлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган тақдимот билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Бўлиб ўтган тақдимотда иқтисодиётни рақамлаштириш орқали ўсишни жадаллаштириш ва аҳолига қулайлик яратишга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Стратегик мақсадлар ва ўсиш суръатлари

Қайд этилишича, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясига мувофиқ, AT хизматлари экспортини 5 млрд долларга етказиш, соҳада 300 минг нафар ёшларни банд қилиш ва мамлакатни БМТ электрон ҳукумат индексида етакчи 30 давлат қаторига киритиш вазифалари белгиланган.

Сўнгги йилларда рақамлаштириш соҳасининг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири сезиларли даражада ошган. Охирги беш йилда соҳадаги ялпи қўшилган қиймат ўртача 24,8 фоизга ўсиб, мазкур кўрсаткич ЯИМ ўсиш суръатларидан 3,5 баробар юқори бўлган. Ахборот ва алоқа тармоғида банд бўлганлар сони 2017 йилдаги 64,3 минг нафардан 108,8 минг нафарга, ўзини ўзи банд қилганлар сони эса 10 мингдан 181 минг нафарга етган. Ҳозирги кунда соҳада 11 минг 900 дан зиёд корхона фаолият юритаётган бўлиб, уларнинг қарийб 1,4 мингтаси хорижий капитал иштирокида ташкил этилган.

AI лойиҳалар ва инфратузилма

Айни пайтда сунъий интеллект бўйича 100 га яқин амалий лойиҳа ва 200 дан ортиқ тажриба-синовлар амалга оширилмоқда. Саноат корхоналарида AI технологиялари орқали энергия сарфи ва таннарх камайтирилиб, меҳнат унумдорлиги оширилган.

Шунингдек, 24 миллион долларлик GPU-кластерга эга сунъий интеллект инфратузилмаси ишга туширилган бўлиб, яна 45 млн долларлик қўшимча қувватларни жалб қилиш режалаштирилмоқда. Тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа соҳаларда 130 дан зиёд маълумотлар базасини интеграция қилиш орқали янги AI ечимлар жорий этилади.

Кадрлар ва таълимга эътибор

Тақдимотда рақамли таълимни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, мактабларда сунъий интеллект ва стартап хоналарини ташкил этиш таклифи илгари сурилди.

Маълум қилинишича, «5 миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳаси доирасида 1 миллиондан ортиқ бошланғич босқич тингловчилари, 300 мингдан зиёд ўрта босқич тингловчилари ва 1,5 минг профессионал даражадаги мутахассис тайёрланган.

Тақдимот якунида давлат раҳбари сунъий интеллект ва рақамлаштириш бугунги кунда фақат технологик янгиланиш эмас, балки иқтисодиёт самарадорлиги, давлат бошқаруви сифати, хизматлар қулайлиги, экспорт салоҳияти ҳамда мамлакат рақобатбардошлигини белгилайдиган стратегик йўналиш эканини таъкидлаган ва мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган.

Теглар

Мавзуга оид

Сунъий интеллект ва рақамлаштириш бўйича янги вазифалар белгиланди | Vaqt.uz