
Сунъий йўлдош тасвирлари Россиядаги 210 бола лагерини фош қилди
Йел университети Россия томонидан олиб кетилган украин болалар сақланаётган 210та лагер манзилини аниқлади, таҳлиллар селфи ва геолокацияларига таянилди.

Йел университетининг Инсоний тадқиқотлар лабораторияси (HRL) Россияга мажбуран олиб кетилган украин болалар жойлаштирилган 210 та «қайта тайёрлаш» ва ҳарбий лагерни аниқлади.
DW маълумотига кўра, лаборатория 2022 йилда АҚШ Давлат департаменти томонидан болалар сони ва улар сақланаётган ҳудудларни баҳолаш билан вазифаланган эди. Тадқиқотчилар Россиядаги маҳаллий мансабдорлар йўл қўйган хатолар — селфи суратларида геолокация ўчирилмагани орқали манзилларни аниқлашга муваффақ бўлган.
Лаборатория директори Натанил Реймонд айтишича, маҳаллий амалдорлар томонидан тарқатилган фотосуратларда болалар тасвири ҳам кўринган ва суратларнинг GPS маълумотлари лагерлар жойлашувини аниқлаб беришга ёрдам берган. Кейинги таҳлиллар орқали Россия ҳудуди бўйлаб жами 210 та объект тасдиқланган. Йел HRL тақдим этган маълумотлар Украина расмийлари ва Европа институтларига ҳам юборилган.
Тахминларга кўра, умумий ҳисобда 36 мингга яқин украин боласи Россия ҳудудига олиб кетилган. Халқаро жиноят суди 2023 йилда айнан болаларни олиб кетиш бўйича Россия президенти Владимир Путинга нисбатан ҳибсга олиш қарори чиқарган. Реймонднинг айтишича, Москва бирмунча вақтдан буён «жиноят изларини йўқ қилишга» уринаётгани, болалар турли объектларга кўчирилаётганини кўрсатади.
Бироқ лаборатория фаолияти АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти томонидан эълон қилинган молиялаштириш қисқариши туфайли хавф остида қолмоқда. Мавжуд ресурслар чеклангани сабаб HRL йил охиригача ишини тўхтатиши мумкинлиги қайд этилмоқда.
Йел тадқиқотчилари сунъий йўлдош тасвирлари, очиқ манбалар ва геолокация маълумотларини бирлаштирган ҳолда лагерлар тармоғини хариталашни давом этмоқда. Улар бу ишлар Украина болалари тақдири бўйича халқаро тергов учун ҳал қилувчи аҳамият касб этишини таъкидламоқда.





